13:08 / 20.05.2021
7928

Хитойда ажралишлар сони кескин камайди

Хитойда ажримга ариза берган жуфтлик учун 30 кун давомида «ўйлаб кўриш муддати»нинг жорий қилиниши ажримлар сонини 70 фоиздан ошиқроққа камайтирди.

Хитой Фуқаролик ишлари вазирлигининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки 3 ойи давомида Хитойда 296 мингга яқин ажримлар қайд қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида миллионтани ташкил этган. Мамлакатда ўтган бир йил ичида ажримлар миқдори 70 фоиздан ошиқроққа камайган.

Бунинг сабаби Фуқаролик кодексига киритилган янги ўзгартиришлар билан изоҳланмоқда. Эндиликда ажримга ариза берган жуфтлик уни расмийлаштириш учун 30 кун давомида кутишга мажбур бўлади. Бу ўзгариш жорий йилнинг 1 январидан кучга кирган бўлиб, «ўйлаб кўриш муддати» сифатида баҳоланган.

Хитойда бундай қонуннинг қабул қилинишига мамлакатда ажралишлар сони кўпайиб, туғилиш даражаси камайиши асосий сабаб сифатида кўрсатилган. Агар ариза берган жуфтлик ваколатли органга 30 кундан 60 кунгача қайта мурожаат қилмаса, уларнинг мурожаати бекор қилинади. Шунингдек, ариза топширишга оиладаги зўравонлик сабаб қилиб келтирилса, ажрим ўйлаб кўриш муддатисиз, тўғридан тўғри амалга оширилади.

Дастлаб, ушбу янги қонунни Хитой аҳолиси салбий баҳолаб, кўплаб ёшлар умуман турмуш қурмаслик билан таҳдид қилган.

2003 йилдан бери Хитойда ажрашиш даражаси кескин кўтарилиб, демографик инқирозга олиб келди. Мутахассислар фикрига кўра, туғилиш даражасининг пасайиши туфайли Хитой аҳолиси аср охирига келиб икки баравар камайиши мумкин. Бунга жавобан расмийлар анъанавий қадриятларни тарғиб қилиб ва ажралишларнинг олдини олишга ҳаракат қилишмоқда.

Маълумот учун, 2021 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ажримлар сони 15,4 фоизга ошган. Ушбу давр мобайнида республика бўйича 9213та ажрим ҳолати қайд этилган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2020 йилнинг январ -март ойларида 7,8 мингтани ташкил этган.

Top