Жамият | 15:57 / 22.05.2021
12036
2 дақиқада ўқилади

Урчуғи момоларидан мерос қолган сирдарёлик ҳунарманд-ўқитувчи

Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида яшовчи ҳунарманд Асиба Ботирова гилам тўқиш билан болалигидан шуғулланган. 36 йил давомида ўрта мактабда ўқитувчилик қилиб, пенсияга чиққан онахон тинч ўтиргани йўқ.

Паймард маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Асиба опа айни пайтда гиламнинг ҳар хил турлари, жумладан, жулпат, қоқма, шолча каби турларини тўқийди. 2020 йилда 5 нафар шогирд тайёрлади. Мактаб ўқувчилари, пенсия ёшидаги аёллар доимий равишда келиб, гилам тўқишни ўрганишади.

Ҳунарманд ҳозирда 10 нафар ишсиз фуқарони иш билан таъминлашни, ойлик маош асосида ишга олишни режалаштирган.

Ўртача 2х3 метр юзали гилам ва шолчаларни тўқиш учун 8-10 кг ип кетади. Иплар асосан қўй юнгидан тайёрланади. Асиба Ботированинг айтишича, бундай маҳсулотлардан тайёрланган гилам ва шолчалар қишда иссиқ, ёзда салқин сақлайди.

Қўй юнги дастлаб тозалаб ювилиб, саваланади ва чуйка ҳолига келтирилади. Ундан сўнг ип йигирилади, калава ҳолига келтирилади ҳамда рангланади. Ранг беришда табиий ва кимёвий бўёқлардан фойдаланилади.

«Қўлимдаги урчуқ – антиквар нарса. Катта онамдан қолган экан. У барака келтиради», – дейди Асиба Ботирова.

Битта гилам 20-30 кунда тўқиб тугатилади. Тўқилган гиламлар маҳаллий харидорларга, республика кўргазмаларида хорижий сайёҳ ва меҳмонларга сотилади.

Бундан ташқари, оилавий корхонада қўй юнги ва пахта ипдан Қуръон китобини солиш учун мўлжалланган қопчалар, жойнамоз, қуроқ, ўриндиқлар учун таглик тўқилади.

Асиба опа бўш вақтида ўзининг томорқасида 70 хилдаги гулларни ҳам парваришлайди. Гуллардан уруғини олиб, ҳар бир килограммидан 700-800 минг сўм даромад олади.

Шуҳрат Юнусов, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид