15:42 / 23.05.2021
12040

Олмалиқда ногиронлиги бор фуқароларга берилган уй олиб қўйилиши мумкин

Олмалиқда ҳокимлик томонидан ногирон фуқаро учун бепул берилган квартира шу уйни қурган қурувчи ташкилот томонидан қайтариб олиниши мумкин. Шаҳар ҳокимлиги бундай бўлмаслиги учун барча ҳаракатлар қилинишини айтмоқда.

Kun.uz таҳририятига Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар Сўфи Оллоёр маҳалласи Тотувлик кўчаси 9-б уй 10-хонадонда яшаб келаётган Aкбаршоҳ Зокиров мурожаат қилиб, президент томонидан ногиронлиги бор фуқароларга берилган уйдан чиқариб юборишмоқчи эканлигини айтди.

«Ордер ва сертификатимиз бор. Тадбиркор бизни уйдан чиқариб юбормоқчи»

Акбаршоҳ Зокировнинг айтишича, 2018 йилнинг ёзида ҳокимлик томонидан президент совғаси сифатида Олмалиқ шаҳри Сўфи Оллоёр маҳалласи Тотувлик кўчасида жойлашган «9-б» уйдан уй беришади.

«Ҳокимлик дастлаб «9-б» уйнинг 53-хонадонини берди. Квартирани топшириш жараёнини «Ўзбекистон 24» телеканали орқали намойиш этишди. Мазкур хонадонда икки ярим ой яшадим. Уй санитар-гигиена талабларига умуман жавоб бермасди. Зах тортиб, моғор босиб кетди. Бу уйда кўп касал бўлиб қолавердим. Шундан сўнг шаҳар СЭС бу уй санитар талабларга жавоб бермаслиги бўйича хулоса берди.

2018 йилнинг декабрида ҳокимлик мени шу уйнинг 10-хонадонига чиқарди. Хонадон таъмирга муҳтожлиги сабаб ўзим қайтадан таъмирладим. Орадан бир йил ўтиб, 10-хонадонга ордер беришди. Салкам 3 йилдан бери шу хонадонда яшаб келяпман.

Лекин бундан бир ҳафтача олдин шу уйни қурган фирманинг юристи ва ҳокимлик мутасаддиси келишди. Фирма юристи бу уйдан чиқиб кетишимизни, ҳужжатлар ноқонуний эканлигини, уйни бўшатиб қўйишимиз кераклигини айтди.

Шунингдек, шу уйда яшаётган, ногиронлиги бор яна бир хонадонга ҳам шундай талаб қўйилмоқда. Aхир бизда ордер ва сертификатлар бор. Ногиронлигимиз бор. Биз қаерга борамиз?» дейди Aкбаршоҳ Зокиров.

«Фуқаро уйидан чиқарилмайди. У ҳокимлик ҳимоясида» – Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги

Ҳолат бўйича Aкбаршоҳ Зокиров хонадонига улар яшаб турган уйни қурган фирма юристи билан бирга борган ҳокимлик расмийси Дилором Aлимовадан изоҳ сўрадик. Мутасадди телефон орқали суҳбатда ногиронлиги бор фуқаролар уйидан чиқариб юборилмаслигини, тадбиркор билан келишувга эришилишини маълум қилди.

«Тотувлик кўчасида ҳақиқатан ҳам ногиронлиги бор фуқароларимиз яшайди. Дастлаб уларга «9-б» уйнинг 51 ва 53-хонадонлари берилган. Лекин бу хонадонлар яхши таъмирланмагани, санитария талабларига жавоб бермагани сабабли ногиронлиги бор фуқароларни шу уйнинг 10 ва 12- хонадонларига кўчирганмиз.

Яқинда шу уйни қурган фирманинг вакили келди. Мен ҳам бирга бордим. Лекин фуқароларга «уйдан чиқинглар», деб айтганим йўқ. Ҳоким ҳам бундай демаган.

Улар бизнинг ҳимоямизда. Aхир ногиронлиги бор. Ордери ва сертификати бор. Улар уйидан чиқариб юборилишига йўл қўймаймиз. Шаҳар ҳокими айни вақтда тадбиркор билан келишиш жараёнида.

Жуда бўлмаса, олдинги берилган 51 ва 53- хонадонларни қайта таъмирлаб берамиз ва ўша уйга кўчирамиз. Бу фуқароларни ҳеч ким чиқариб юбормайди», деди Дилором Aлимова.

Унинг қўшимча қилишича, Тотувлик кўчаси «9-б» уй ҳокимликка тегишли бўлган. Тадбиркор нол қарз билан уйни олиб, ҳокимликка 15та уй ажратиб берган.

«Шу уйларга ногиронлиги бор фуқаролар ордер асосида жойлаштирилган», дейди мутасадди.

Суриштирувлар давомида Aкбаршоҳ Зокировнинг президентдан совға сифатида қабул қилиб олган уйини нима сабабдан қайтариб олишга уринишлар бўлаётганига аниқлик киритиб бўлмади.

Умид қиламизки, тез орада Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги вазият янада чигаллашиб кетмасидан аввал масалани ижобий ҳал этишда ташаббус кўрсатиб, ногиронлиги бор фуқароларнинг дилидаги қўрқувни йўққа чиқаради.

Раҳматилло Исроилов.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top