Тошкент вилоятининг Нурафшон ва Олмалиқ шаҳарларида янги ҳокимлар иш бошлади.

Дастлаб Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилиб, шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Илҳом Маҳмуджонович Қиличхонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Нурафшон шаҳар ҳокими лавозимига Қобил Муродқулович Ҳамдамов номзодини тавсия қилди.

Қобил Ҳамдамов

Халқ депутатлари Қобил Ҳамдамовни шаҳар ҳокими этиб тасдиқлашди.

У 2020 йил октябридан буён Олмалиқ шаҳар ҳокими вазифасида ишлаб келаётганди.

Шу куни Олмалиқ шаҳрида ҳам Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Унда ташкилий масала кўрилиб, Нурафшон шаҳри ҳокимлигига ўтган Қобил Ҳамдамов ўрнига Олмалиқ шаҳри ҳокими лавозимига шу вақтга қадар Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Барҳаёт Бахтиёржонович Мелиев номзоди тавсия қилинди.

Депутатлар Барҳаёт Мелиевни Олмалиқ шаҳри ҳокими этиб тасдиқлашди.

Барҳаёт Мелиев

Маълумот учун, Илҳом Қиличхонов Нурафшон шаҳрига 2023 йил апрелидан буён раҳбарлик қилиб келаётганди. Жорий йил апрелида президент видеоселекторида бошқа бир неча ҳудуд ҳокимлари билан бир қаторда у ҳам танқидга учраган, давлат раҳбари бу ҳокимларнинг  лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича топшириқ берганди.

У энди қайси ишга ўтказилгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.