21:46 / 24.05.2021
1590

Самарқандда «Матиз» ва «Нексия» ўзаро тўқнашди. Ҳайдовчилардан бири вафот этди

Самарқанд вилояти Ургут туманида «Матиз» ва «Нексия» машиналари ўзаро тўқнашди. Оқибатда «Нексия» ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 19 май куни тунда М39 Алмати–Тошкент–Термиз халқаро автомобиль йўлининг Ургут тумани «Қорабулоқ» маҳалла фуқаролар йиғинидан ўтган 1102-километрида «Матиз» ва «Нексия» ўзаро тўқнашган. Оқибатда «Нексия» ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.

Аниқланишича, ушбу йўл-транспорт ҳодисасига «Матиз» автомашинасининг рўпарадан келаётган «Нексия» йўлига чиқиб кетгани сабаб бўлган. Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Ургут туман ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ўтказилмоқда.

Маълумот учун, М39 Алмати–Тошкент–Термиз халқаро автомобиль йўлининг Ургут ва Самарқанд туманидан ўтган қисми анча хавфли йўл ҳисобланади. Бир қисмида ўртани ажратувчи бетон тўсиқлар бўлмагани учун, бу ерда одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлади. Яқинда Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ ташаббуси билан ушбу йўлнинг Самарқанд туманидан ўтувчи қисмида ўртани ажратувчи бетон тўсиқлар ўрнатилди.

Top