22:26 / 25.05.2021
10086

«Битта катта ангарда ўтириб ишласак дейман» — Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Тошкентда IT маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун текин жой қилиб бериш, ҳокимиятни эса ҳамма кириб чиқа оладиган очиқ турдаги бинога кўчириш масаласи кўриб чиқиляпти.

25 май куни «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» фестивалининг охирги кунида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ёшлар билан мулоқоти бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, хоким Татаристонга ташрифидан олган таассуротлари ҳақида сўзлаб берди.

«Мен яқинда Татаристонга, Қозон шаҳрига бордим. Ишонасизларми-йўқми, паркларга, театр, музейларига бордик, биттама-битта ҳамма ёғини қараб чиқдик – ёш-ёш йигитлар катта парк, музейларга раҳбар.

Ҳайрон қолдим, улар ёшларни фалончи музейда тажрибаси бўлгани учун олмас экан. Шаҳарда конкурс қилиб, нима ниятинг бор, қандай ишлайсан, деб оларкан. Бу модел менга жуда ёқди. Бугун эрталаб ҳокимиятда катта мажлис бўлди, унда театрлар, боғлар, майдонлар, музейларни қайта реставрация қилиб, жозибали қилиш, коворкинг марказлари, маданият уйларини қўллаб-қувватлаш, ёшларга IT маҳсулотлар ишлаб чиқариши учун текин жой тақдим қилиш масалалари кўриб чиқилди», – деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

У, шунингдек, ҳокимият ходимлари очиқ турдаги офисда ишлаши лозим, деган фикрда эканини айтди.

«Яқинда ўзи битта модел ўйлаб топяпмиз. Ҳозир ўзи умуман бу ҳокимият идорасида ўтиришимиз ҳам нотўғри. Open space, битта катта ангарнинг ичида ўтиришни хоҳлаяпман ўзи, тўғрисини айтаман. Шунинг учун ёшларнинг келиб кетиши, ҳамманинг кириб чиқиши осон бўладиган, ҳаммамиз учун битта жойда ўтириб, янгиликларни татбиқ қилиш устида ишлаяпмиз», – деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Top