00:02 / 25.05.2021
36888

«Ҳайдовчиларни тайёрлаш тизими коррупция ботқоғига ботган» — Комил Алламжонов Ангрендаги фожиали ЙТҲга муносабат билдирди

Йўллардаги ўлимлар сони ортаётганидан хавотир билдирган Масс-медиа фонди раҳбари тегишли органларни ҳайдовчилар тайёрлаш тизимидаги коррупцияга қарши фаол курашишга чақирди.

Фото: Тергов департаменти

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов Ангрен шаҳрида 7 кишининг ўлими ва 14 кишининг жароҳатланиши билан тугаган ЙТҲдан сўнг ўз фикрларини билдирди.

«Ангренда содир бўлган аварияни кўриб юрагим эзилиб кетди. Деярли ҳар куни матбуотда шундай ҳолатларни ўқиймиз. Йилига минглаб одамлар ҳалок бўляпти. Аслида бу жуда катта фожиа.

Ҳукумат бу масалага жуда жиддий аҳамият бериши керак, деб ҳисоблайман.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш тизими бутунлай коррупция ботқоғига ғарқ бўлган. Ҳайдовчилик гувоҳномалари деярли ёки пора ёки «звонок»га ҳал бўлади. Йўлдаги ҳайдовчиларнинг 80 фоиздан кўпроғи йўл қоидасини билмайди ва гувоҳномани айнан шундай йўл билан олган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар, коррупцияга қарши курашиш ташкилотлари агар бу масалага жиддий қарамаса, ўлимлар сони ортса ортяптики, лекин камаймаяпти.

Жуда жиддий, қатъий назорат керак бу тизимга. Аҳвол жуда расво ҳолатда.

Келинг, кичик сўровнома ўтказиб кўринг. Менга ишонмасангиз, атрофингизда ҳайдовчилик гувоҳномаси бор одамдан сўраб кўринг, «права»ни ҳақиқатда дарсларга тўлиқ қатнаган ҳолда, ўқиб, тайёргарлик кўриб, ўз билими билан имтиҳон топшириб олганмикин ёки пул биланми?

Аниқ айтаман, ўша атрофингиздаги одамларнинг камида 80 фоизи ўз кучи билан олмаган бўлади гувоҳномани. Жиддий аламли оҳангда, нималар деяпсиз, ўлдим қолдим пул бермаганман, деса ҳам камида таниш-билиш ва қўнғироқ орқали ишини ҳал қилган бўлиб чиқади, кўрасиз!

P.S. Албатта, фақат таълим тизими масаланинг ечими бўла олмайди. Бу комплекс масала. Йўл, инфратузилманинг ҳам ўрни катта. Лекин ҳайдовчиларни тайёрлаш масаласи, унинг сифати, ҳаққоний имтиҳон тизимлари муаммонинг асосий ечими деб ҳисоблайман», – дея ёзди Алламжонов Telegram-каналидаги постида.

Top