Болалар ва ОИТС: Вирус тасодифларни яхши кўради
ОИВни қон орқали юқтириш ҳолатлари ҳатто болаларда ҳам учрайди. Бунда айниқса ота-оналардан жиддий ҳушёрлик талаб этилади.

Одам иммун тизими танқислиги синдромини «кўринмас қотил» деб ҳам аташади. Жинс, ирқ, миллат танламайдиган бу оғир синдром илк бор 1981 йили аниқланган эди. 2019 йилнинг охирига келиб, бутун дунё бўйлаб ушбу касалликка чалинганларнинг умумий сони 75,7 миллионга етди, улардан 32,7 млн нафари ОИТС билан боғлиқ хасталиклар туфайли вафот этган.
Кунига тахминан 4,7 минг киши касаллик вирусини юқтириб олмоқда. У турли ёшдагилар, айниқса, 15 дан 49 ёшгача бўлган кишилар орасида кўп қайд этиляпти (62%).
Шунингдек, вирус юқиши натижасида ОИТСга чалиниш ҳолатлари болалар орасида ҳам учрайди.
ОИТС – одамнинг иммун тизимини ОИВ (иммунитет танқислиги вируси) шикастлаши натижасида келиб чиқадиган хасталикдир. Вирус қонга тушгач, дастлабки даврда киши соғлиғида ҳеч қандай ўзгариш сезмайди. Бу ҳолат ҳатто 8-10 ва ундан ҳам кўп йилларгача давом этиши мумкин. Кейин эса клиник белгилар узоқ давом этувчи сабабсиз йўтал, қисқа вақтда кескин озиш, тана ҳарорати узоқ вақт мобайнида сабабсиз кўтарилиши, диарея, оғиз бўшлиғи ҳамда турли аъзоларнинг яллиғланиши, хавфли ўсмалар ривожланиши билан юзага чиқа бошлайди.
Бугунги кунга қадар ОИВ юқтирган беморни вирусдан бутунлай халос қилувчи дори топилганича йўқ. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ушбу инфекцияга қарши вакцина ва даволовчи препаратлар яратиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ҳозирча эса фақат ОИВ инфекциясини юқтирган беморнинг умрини имкон қадар узайтириш чораларини кўриш мумкин, холос.
Бунинг учун ретровирусга қарши терапия мавжуд. Ушбу муолажа вирусни тўлиқ йўқ қилолмаса-да, унинг бемор организмида кўпайиб кетишига йўл қўймайди.
Шу ўринда касаллик инфекцияси қандай юқиши ҳақида ҳам қисқача айтиб ўтиш жоиз. Вирус парентераль йўл билан, яъни қон орқали, шунингдек, жинсий алоқа, касаллик юқтирган онадан вертикал йўл билан ҳомиладорлик даври (жароҳатланган йўлдош орқали)да ҳомилага, туғуруқ жараёни (туғуруқ йўлида она қони орқали)да ва она сути орқали чақалоққа юқиши мумкин.
Қуйида ОИВни парентераль йўл билан, яъни қон орқали юқтириб олган икки йигитнинг ҳикоясини келтирмоқчимиз.
Зеро, қаҳрамонларимизнинг ҳар бир сўзи ҳар бир кишини ҳушёрликка чорлайди, саломатликни ўз вақтида, кеч бўлмасидан қадрлашга ва ҳаётни севишга ундайди.
«7 ёшимда ОИВ юқтириб олганман»
— Ҳа, худди шундай бўлган. Яратган эгам менга, ҳали гуноҳ қилиб улгурмаган гўдакка шундай синов юборди. Аслида, бу қанчалар оғир дардлигини, келажакда ҳаётимга қандай таъсир этишини у пайтлар билмаганман, тушунмаганман. Яқинда 16 ёшга тўламан. Икки йил олдин ҳаммасини англаб етдим, нима бўлганди, ўзи, 7 ёш бола инфекцияни қаердан юқтириб олганди, бу касалликнинг азоблари, оғриқлари қандай, ҳамма-ҳаммасига энди ақлим етади. Минг афсуски, ҳаётда шунақаси ҳам бўлар экан...
Ойимнинг айтишича, 6 ёшгача нимжон, жуда кўп касалланадиган бола бўлган эканман. Ота-онам 5 яшарлигимдаёқ ажрашиб кетишган. Онам мени ёлғиз катта қилди, ҳар қандай қийинчиликка мен учун чидади. Эслашимча, шаҳардаги болалар шифохоналарининг деярли ҳаммасида ётиб чиққанмиз. Мени жуда кўп даволашган, лекин тузалмасдим, эрта кунда касалхонага тушаверардик. Иложсиз қолган онам табиблардан нажот кутган, «ўлим тўшагида ётган беморни ҳам оёққа турғазвораман» дейдиган фирибгарларга кўп дуч келган.
Қўшни маҳаллада узоқ йиллар болалар шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлаган аёл бор эди. Бир куни ўша аёл менга қон қуйиш кераклигини айтибди. Ойим ёшлигида гепатитнинг «В» тури билан оғригани учун қон донорини қидирган. Кейин эса дадамни топган ва менга қон беришга уни кўндирган. Шундай қилиб, ҳамшира холанинг уйида томиримга дадамнинг қонини қуйишди. Қон қуйилганидан сўнг мен яхши бўла бошладим. Касалланмай қўйдим. Орадан бир йил ўтди. Бир куни онам отамнинг гиёҳванд бўлиб қолгани, оғир касалликка чалингани ҳақида эшитиб қолибди. Бу хабар уни саросимага солди, роса асабийлаштирди ва онам мени етаклаб, шифохонама-шифохона югурди. Қонимни текширишди. Афсуски, ОИВ таҳлили ижобий экан. Онам бу гапга асло ишонгиси келмасди, мени шаҳардаги бошқа ОИТС марказларига ҳам олиб борди. Ҳаммасида бир хил жавоб.
Онам ўшанда дадамни текширувлардан ўтишга мажбурлаган ва дадамда ҳам натижалар ижобий чиққан экан. Хуллас, вирус менга дадамнинг қонидан ўтган.
Буларнинг ҳаммасини 14 ёшга тўлганимда тўлиқ англадим. Унгача соғлиғим ҳақида ҳеч нима билмасдим, шунчаки ҳаммаси табиий туюлар, дунёдаги ҳамма болалар мен ичаётган дориларни ичишади, деб ўйлардим. Фақат баъзи-баъзида хаёлимга мана бу саволлар келарди: нега ойим мени эҳтиётлайверади? Бошқаларнинг онаси уришади, ҳатто уради, менинг онам эса кўнглимга қарагани-қараган. Бошқа болалардан қандай фарқим бор?..
Кейинчалик ҳаммасини тушунтирган онам мендан йиғлаб кечирим сўради: «Билиб-билмай иш қилдим, шифокорга бормай, текширтирмай қон қуйдирганим учун шундай бўлди, аҳмоқ онангни кечир, болам», деб ўзини айблади. Кейин касаллигим ҳақида ҳеч кимга оғиз очмаслигимни сўради.
Аслида, менинг тенгқурларимдан ҳеч кам жойим йўқ. Ҳамма қатори ўқийман, баҳоларим «5», инглиз тилини яхши биламан. Икки йилдан бери хитой тилини ҳам ўрганяпман. Футбол ўйнайман, хоҳлаганимча югураман. Фақат онам ора-сира менга орзу қилишим мумкин бўлмаган касблар ҳақида эслатиб туради. Майли, дейман, мен ҳам, профессионал спортчи бўлолмасман, лекин яхши иқтисодчи бўлишим мумкин-ку!
Агар келажакда хорижга кетолсам, онамни ҳам олиб кетиш ниятим бор. Германияда яшаб ишламоқчиман. Кейин оилам, болаларим бўлишини ҳам орзу қиламан. Билмадим, бунга ҳаққим бормикин... Орзу қилишга қиламан-у тасаввуримда бахтим, болаларим ва уларнинг онаси жуда ҳам хира кўринади.
Шу кунгача бирор қизни севиб қолишни ўзимга тақиқлаб келдим, бу севги бахтли якун топмаслигини биламан. Била туриб, кимнидир бахтсиз қилишим тўғри эмас… Барибир сизни қувонтириш учун ҳаракат қиламан, она! Ўқийман, зўр мутахассис бўламан, билимим билан, меҳнатим билан сизга раҳматлар олиб бераман! Фақат йиғламанг, она...
«Вирус тасодифларни яхши кўради...»
— 17 ёшдаман, 9 яшарлигимда шифохонада ОИВ юқтириб олганман. Онамнинг эслашича, ўшанда камқонликнинг оғир даражаси билан касалхонага тушган эканман. Шифокорлар зудлик билан қон қуйиш кераклигини айтишгач, ота-онам менга донор қидиришган. Тез орада шифохонадаги ишчилардан бири менга қон берадиган бўлади ва унинг қони текширилиб, донорлик қилишига рухсат берилади. Шундан кейин орадан бир йил ўтиб, қайта текширувга бордик. Негадир, онам мендан ОИТС текшируви учун ҳам қон олишларини сўради. Чунки, менга донорлик қилган киши ота-онамнинг кўнглида шубҳа уйғотган экан. Улар доим «шу ишни бекор қилдик, донорлик қилган одамнинг юзида нур йўқ эди», дейишарди бир-бирларига. Хуллас, мени текширишди, натижалар ижобий чиқди, яъни ОИВ аниқланди. Менга қон берган одам ҳам тиббий таҳлил топширди ва унда ҳам вирус аниқланди.
Ота-онам шифохонадагилар билан узоқ тортишишди, ҳолат бўйича экспертлар тайинланди, айбдорлар қидирилди. Аммо буларнинг ҳеч бири энди мени оғир дарддан қутқара олмасди.
Ойим жуда кўп йиғлади. Унга қўшилиб, тушуниб-тушунмай мен ҳам йиғлардим. Ўшанда нега йиғлаганимни билмайман, ахир, ёш эдим, касаллик ҳақида ҳеч нима билмасдим, билсам ҳам унинг нима эканига, оқибатларини тасаввур қилишга ақлим етмасди. Ҳаммаси улғайганимдан кейин бошланди.
Мен ҳаётни ёмон кўра бошладим, келажагимни йўққа чиқардим, ўлимимни кутиб яшашга одатландим. Назаримда, ҳамма мендан ўзини олиб қочаётгандек эди, ўзимни ёлғиз ҳис қилардим. Тушкунлик, умидсизлик баъзан шунчалар қийнардики, нега айнан мен дея бор овозим билан бақиргим келарди, ҳамма нарсани уриб-отсам, хуморимдан чиқаман, деб ўйлардим.
Кейинроқ бу тўғри эмаслигини тушуниб етдим. Ва қарор қилдим: касалликни ёлғон, ўзимни соппа-соғ ҳисоблайман! У йўқ, мен соғломман, ҳамма қатори одамман. Бошқалардан биргина фарқим – кунига икки маҳал дориларни қолдирмай, кечиктирмай ичиш ва ҳар уч ойда тиббий текширувлардан ўтиб туриш, холос.
Мактабда ҳамма тенгдошларимдан кучлиман, деб ўйлайман. Бундан ҳам кучлироқ бўлишга ҳаракат қиламан, ҳаммадан яхши ўқийман. Ҳар доим бошқалардан кам жойим йўқлигини, аксинча, устунлигимни исботлаш менга ёқади. Тўғри, баъзан имкониятларим чеклангани эсимга тушиб кетиб асабийлашаман. Лекин барибир ўзимни қўлга олишим керак.
Ўтган йили бир қизни ёқтириб қолдим, ундан... биринчи бўса олиш имкониятим бор эди. Лекин бундай қилолмадим. Юқтириб қўйсам-чи, деб қўрқдим. Тиббиёт буни инкор қилади, тўғри, шундай бўлса ҳам уни ўзимдан эҳтиётладим. Ҳар эҳтимолга қарши таваккал қилмаган маъқул, чунки мен яхши биламан, вирус тасодифларни яхши кўради.
***
ОИТС – фақат тиббиётнинг муаммоси эмас, у, энг аввало, ижтимоий муаммо. Бу долзарб масалага ечим топишда жамоатчилик ҳушёр тортиши, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз саломатлигига эътибор билан қараши жуда муҳим.
Ҳар икки қаҳрамонимизнинг ҳам ўзи ҳақидаги ҳикояларидан сезиляптики, ОИВ юқишининг олдини олиш учун оилаларда тиббий маданият даражаси юқори бўлиши керак.
Кимнингдир гапига кириб, шифокор кўрсатмаси ва назоратисиз ўзбилармонлик билан турли тиббий муолажаларни қўллаш мутлақо нотўғри.
Ҳатто шифохона ёки поликлиникада бирор касаллик сабаб даволанаётган бемор (ёки унинг яқинлари) ҳам терапевтик жараёнларга бефарқ бўлмай, ўз саломатлиги учун ўзи қайғуриши зарур. Зеро, касалликни бошидан ўтказган бемор айтганидек, вирус тасодифларни яхши кўради ва у исталган пайтда, исталган кишига хавф сола билади.
Шавкат Икромов
Тавсия этамиз
Апрелда қанақа об-ҳаво кутиляпти?
Ўзбекистон | 12:09 / 28.03.2025
АҚШда Исроилни танқид қилган турк талаба қўлга олинди
Жаҳон | 22:36 / 27.03.2025
Карманада мактаб ўқувчиси олийгоҳга кириш учун муддатидан аввал максимал баллни тўплади
Жамият | 20:18 / 27.03.2025
“Контрактга кирсанг ўқита олмаймиз дейишган” – oрзулар йўлида стереотипларни енгиб ўтган навоийлик қиз ҳикояси
Жамият | 20:50 / 25.03.2025
Мавзуга оид

17:27 / 02.12.2024
ОИТВга қарши янги дори — деярли 100 фоиз самарали, аммо жуда қиммат

23:55 / 26.11.2024
Дунёда ОИВга чалиниш ва ундан ўлим 12 йил ичида кескин камайди — тадқиқот

10:21 / 28.03.2023
Бухорода эркакларга ОИТС юқтирган андижонлик 21 ёшли аёл қамоққа олинди

22:57 / 20.01.2023