21:21 / 31.05.2021
7066

Республика бўйича 78та судялик лавозими вакант — Судялар олий кенгаши

Ўзбекистонда судялик лавозимларининг 6 фоизи вакант экани маълум қилинди.

31 май куни АОКАда «Судяларни лавозимларга тайинлашдаги очиқлик ва шаффофлик, уларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда иштирок этган Судялар олий кенгаши шуъба раҳбари Нодира Бобохонованинг маълум қилишича, ҳозирда 78 та, яъни судялик лавозимларининг 5,9 фоизи вакант бўлиб турибди. Ўтган йили вакант судялик лавозимлари 17,1 фоизни ташкил этган.

Унинг қўшимча қилишича, Судялар олий кенгаши ваколатига судялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш масаласи ҳам киради.

«2020 йилда 3та ҳолатда судяларнинг дахлсизлиги бузилгани аниқланиб, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 4та шундай ҳолат юз берди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича Судялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокурорга ўз вақтида тақдимномалар киритилиши натижасида битта жиноят, иккита маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилди. Яна бир ҳолат ўрганилмоқда», – дейди Нодира Бобохонова.

Top