16:57 / 02.06.2021
22019

Хоразмда тўй кортежи «илон изи» бўлиб ҳаракатланди. Қоидабузарларга чора кўрилди

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти ҳудудида «Малибу» ва «Каптива» автомобилларидан иборат тўй кортежи «илон изи» бўлиб ҳаракатлангани акс этган видеолавҳа тарқалди.

Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу воқеа жорий йилнинг 28 май куни Ҳазорасп туманида бўлиб ўтган тўй тадбирлари доирасида содир бўлган. Ушбу қоидабузарликлар натижасида ЙТҲ содир этилмаган бўлса-да, қоидабузарлик содир этган 10дан ортиқ ҳайдовчига МЖтК 128-5-моддасининг иккинчи қисми ва 129-моддасининг биринчи қисми билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, уларнинг ҳар бирига БҲМнинг 10 баравари (2 млн 450 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Маълумот учун, МЖтК 128-5-моддасининг иккинчи қисмида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиққанлик учун, МЖтК 129-моддасининг биринчи қисмида эса транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Top