Жамият | 14:05 / 03.06.2021
11878
2 дақиқада ўқилади

Фуқаролардан йўл ҳаракатига доир таклифларни қабул қилиш йўлга қўйилди

Йўл ҳаракати соҳасини такомиллаштириш бўйича таклифингиз борми? Эндиликда, таклифларингизни билдириш орқали муаммоларни ҳал этишда, мавжуд камчиликларнинг тузатилишида бевосита иштирок этишингиз учун имкон пайдо бўлди. Бунинг учун, таклиф ва мулоҳазаларингизни республика йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва амалий муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳининг электрон манзили ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига юборишингиз керак бўлади. Бу ҳақда, ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Маълум қилинишича, гуруҳ таркибида ҳукумат мутасаддилари, ички ишлар, транспорт, молия вазирликлари, автомобиль йўллари қўмитаси ва бошқа идора ҳамда ташкилотларнинг раҳбар ва малакали мутахассислари жалб этилган бўлиб, улар томонидан йўллардаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш ҳолатлари, йўл инфратузилмасидаги жиддий муаммолар комплекс равишда ўрганилади ва илмий ёндашувларни қўллаш асосида норматив-ҳуқуқий ва манзилли ташкилий-амалий чоралар ишлаб чиқилади.

«Ҳурматли фуқаролар, юқорида кўрсатиб ўтилган масалалар юзасидан таклифларни қуйидаги электрон почта манзилига ёхуд Facebook ва Telegram ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларга юбориш мумкин:

Электрон почта: yhxbb_taklif@mail.ru - электрон манзили;

Facebook: fb.com/yhxbb_taklif

Telegram: https://t.me/yhxbb_taklif

Ушбу жараёнга бефарқ бўлмаслигингизни ва фаол қатнашишингизни сўраб қоламиз.

Зеро, йўллардаги транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир», - дейилади хабарда.

Бундан аввал, йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни ўрганиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Мавзуга оид