Жаҳон | 23:15 / 04.06.2021
8294
1 дақиқада ўқилади

Японияда туғилиш кўрсаткичи 1899 йилдан бери энг паст даражага тушиб кетди

Фото: Getty Images

2020 йилда Японияда 840,8 минг бола дунёга келди. Бу мамлакатда 1899 йилдан бери олиб борилаётган туғилиш статистикаси тарихидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда Япониянинг соғлиқни сақлаш, меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги маълум қилди.  

Таъкидланишича, ўтган йил Япония аҳолиси 531,8 минг кишига камайган. Бу ҳам мамлакат учун антирекорд ҳисобланади. Бир аёлга тўғри келадиган болалар ўртача сони 1,34га тушиб кетган. Бу кўрсаткич дунёдаги энг пастларидан бири бўлган. Шунингдек, мамлакатда қайд этилган никоҳлар сони 2019 йилга нисбатан 12,3 фоизга камайиб, 525,5 мингни ташкил қилган. Бу мамлакат учун Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг паст кўрсаткичдир.

Япония бундай салбий статистикани коронавирус пандемияси билан боғламоқда. Аҳоли пандемия шароитидаги беқарорлик сабаб оила қуриш ва фарзанд кўришга иккиланмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид