10:19 / 05.06.2021
37657

Қандай қилиб Данияга кетиш мумкин?

Данияда истиқомат қилган вақтим кўпчилик Данияга бориш йўллари ҳақида сўраганди. UzbekLife кузатувчилари учун ушбу мақола орқали Данияга бориш йўллари ҳақида маълумот бермоқчиман.

1. Сайёҳлик визаси орқали. Дания Шенген ҳудудига кирувчи 26 та давлатдан бири. Демак, Данияга ташриф буюришнинг энг осон йўли – саёҳат учун Шенген визасини олиш.

Бунда Шенген ҳудудига кирувчи исталган давлатнинг Ўзбекистондаги элчихонасига керакли ҳужжатларни топширасиз, тамом. Сайёҳлик визасини олишда талаб этиладиган энг муҳим ҳужжатлар: банк ҳисобингизда саёҳат давомидаги харажатларингизни тўлиқ қоплашга етарли маблағ борлиги кўрсатилган маълумотнома, бориш-келиш самолёт чипталари, суғурта полиси ва саёҳатингиз давомида қолиш учун бирор меҳмонхона ёки квартира ижарага олингани (Booking.com, Airbnb.com ва ҳ.к. орқали) ҳақидаги маълумотнома.

2. Иш визаси. Иш визасининг кўп турлари бор. New to Denmark сайтига кирсангиз, иш визасига ариза топшириш саҳифаси сиздан 2 та савол сўрайди:

Сиз олиммисиз? Ҳа/Йўқ.

Данияда маошли иш таклифини олганмисиз? Ҳа/Йўқ.

Иккала саволга ҳам йўқ жавобини берсангиз, қуйидаги виза турларига топширишингиз мумкинлиги айтилади:

A. Establishment card. Дания олийгоҳида магистратура ёки докторантурани тамомлаб, Данияда ишлаб қолмоқчи бўлганлар учун. Ўқиш тугади, яшаш рухсатномангиз муддати ҳам. Шунда Establishment card’га топширасиз ва сизга иш топишингиз учун яна 2 йиллик яшаш рухсати берилади.

Эътибор беринг! Ўқиш тугаганидан кейин 1 йил ичида топширишингиз керак. Кейин топширолмайсиз.

Шартлари:

– Ўзингиз ва оилангизни бир йил давомида таъминлаш учун етарли маблағингиз бўлиши керак (2021 йил ҳолатига кўра):

  • Ёлғиз бўлсангиз –  90 492 крона (14 800 АҚШ доллари);
  • Турмуш ўртоғингиз билан бирга қолсангиз – 180 984 крона (29 600 АҚШ доллари);
  • Ҳам турмуш ўртоғингиз, ҳам фарзандларингиз бўлса – 268 812 крона (43 960 АҚШ доллари).
  • Фақат фарзандларингиз билан қолсангиз – 178 320 крона (29 160 АҚШ доллари).

Б. Стартап очиш. Бирор инновацион ғоя асосида Данияда стартап очмоқчи бўлганлар учун. Бу виза йилига 75 кишига берилади.

Шартлари:

– Бизнес ғоянгиз Дания тадбиркорлар уюшмаси томонидан маъқулланиши керак.

– Ўзингиз ва оилангизни бир йил давомида таъминлаш учун етарли маблағингиз бўлиши керак (2021 йил ҳолатига кўра):

  • Ёлғиз бўлсангиз – 140 376 крона (22 959 АҚШ доллари);
  • Турмуш ўртоғингиз ҳам келса – 280 752 крона (45 911 АҚШ доллари);
  • Ҳам турмуш ўртоғингиз, ҳам фарзандларингиз келса – 326 940 крона (53 464 АҚШ доллари);
  • Бир ёки ундан ортиқ фарзандингиз билан бирга бўлсангиз (турмуш ўртоғингиз Данияга келмаса) – 186 564 крона (30 509 АҚШ доллари).

– Бизнесни бошқаришда муҳим роль ўйнашингиз керак. Яъни четдан туриб очган стартапингизни бошқариш иложи бўлса, Данияга келишингиз шарт эмас деб топилади ва виза берилмайди.

C. Авторизация. Шифокор, стоматолог ёки ҳамшира бўлсангиз ва Данияда ишламоқчи бўлсангиз, бу ерга келиб дат тилини ўрганиш ва касбий имтиҳонлардан ўтиб, касбингиз бўйича ишлаш рухсатини олишингиз учун 3 йиллик яшаш рухсатномаси берилиши мумкин.

Шартлари:

– The Danish Patient Safety Authority ташкилоти сизнинг дипломингизни яроқли деб топиши лозим.

– Ўзингиз ва оилангизни биринчи 6 ой давомида таъминлаш учун етарли маблағингиз бўлиши керак (2021 йил ҳолатига кўра):

Ёлғиз бўлсангиз – 37 314 крона (6102 АҚШ доллари);

Турмуш ўртоғингиз ҳам сиз билан бирга келса – 74 628 крона (12 204 АҚШ доллари);

Ҳам турмуш ўртоғингиз, ҳам фарзандларингиз келса – 89 532 крона (14 641 АҚШ доллари);

Бир ёки ундан ортиқ фарзандингиз билан бирга бўлсангиз (турмуш ўртоғингиз Данияга келмаса) – 74 622 крона (12 203 АҚШ доллари).

Авторизация визаси ишлаш ҳуқуқини бермайди. Фақат тил ўрганиб, касбий имтиҳонларни топширгандан кейингина ишлаш мумкин.

Агар олим бўлсангиз ва/ёки сизга чет элликларни ишга чақириш ҳуқуқига эга компания иш таклифини юборган бўлса, қуйидаги виза турларини олишингиз мумкин:

1) Fast-Track

2) Researcher

3) Employed PhD

Қисқаси, Данияга иш визасини олиш учун ўта малакали мутахассис бўлиш ва чет элдан туриб Даниядан иш топиш зарур. Четдан туриб иш топиш эса жуда-жуда қийин масала.

Мақсуд Саломов,

UzbekLife’нинг Испаниядаги колумнисти

Top