Жаҳон | 13:10 / 07.06.2021
17622
4 дақиқада ўқилади

Европа мамлакатларида нон хариди қанчага тушади?

Бундан бир неча кун илгари Словениянинг Любляна шаҳридаги новвойхоналар ҳақида маълумот берган эдим. UzbekLife учун навбатдаги мақолада мавзудан узоқлашмаган ҳолда Европада нон ўртача қанчага тушиши тўғрисида маълумот бермоқчиман.

Дания. Данияда яшаганимизда асосан ёнимиздаги Рема супермаркетидан бозорлик қилардик. У ердан биз доим олиб ейдиган нон 16 крона (тахминан

27 600 сўм) эди. Мен ҳам, рафиқам ҳам кўп нон емаймиз. Шу учун битта нон иккаламизга одатда 2 кунга етарди.

Айнан ўша Рема супермаркетида 2 килограмм уннинг нархи 6,95 крона (тахминан 12 000 сўм). Албатта, турига қараб бундан қимматроқ нархдаги унлар ҳам бор. Ун олиб, ўзингиз нон қилиб есангиз, анча арзонга тушади.

Словения. Словенияда новвойхоналар жуда кўп, нонни фақат новвойхоналардан олардик. Бир неча кун олдин бундай новвойхоналар ҳақида ҳам ёзгандим.

Словениядан доим олиб ейдиган нонимиз 1,2 евро (тахминан 14 400 сўм) эди. Бу нон ҳам иккаламизга 2 кунга етарди.

Шунингдек, ёнимиздаги Mercator дўконида 5 килограмм уннинг нархи 2,99 евро (тахминан 38 400 сўм) эди. Словениядаги квартирамизда духовка бўлгани учун тез-тез ун олиб турганмиз. Рафиқам духовкада нон, патир кабиларни пишириб турарди. Умуман, Словенияда ҳам ун олиб, ўзингиз нон қилсангиз, анча арзонга тушади.

Италия. Италияда ун олиб кўрмаганман. Лекин Италияга борганимизда бир танишим билан нон ҳақида суҳбатлашгандик. У одатда оладиган ноннинг нархи 2 евро (тахминан 25 600 сўм) экани, лекин бу нонни бир кунда еб қўйиши ва баракасизлигини айтганди. «Шу учун ун олиб, уйда ўзимиз нон қиламиз. Анча баракали. Ҳам арзон», – деганди у.

Шундай қилиб, бизга ўхшаб кам нон есангиз, Европада қайси давлатда эканингизга қараб, фақат ноннинг ўзи ойига бир киши учун ўртача 9-18 еврога тушади. Ун сотиб олиб, ўзингиз нон қилсангиз, шунинг ярим нархи бўлади. Балки ундан ҳам арзонроққа тушиши мумкин.

Италиялик танишимга ўхшаб кўпроқ нон есангиз, сотиб олганингизда ойига бир киши учун ўртача 25-50 еврога тушади (Европанинг қайси давлатида эканингизга қараб). Ун олиб, ўзингиз нон қилсангиз, 2-3 баробар арзонроқ бўлади.

Испания. Ҳозирда Испаниядамиз. Бу ерда ҳам деярли ҳар доим дўкондан тайёр нон сотиб оламиз. Нонларнинг нархи тури ва тайёрланган маҳсулотига қараб фарқ қилади.

Биз ёнимиздаги Mercadona дўконидан одатда 2 хил турдаги нонни харид қиламиз, уларнинг таъми ўзбеклар «нон» деганда тушунадиган таъмга анча яқин. Улардан бири 1,15 евро (тахминан 14 700 сўм), иккинчиси 1,10 евро тахминан 14 100 сўм) туради. Ҳар иккала нон ҳам аксарият ҳолларда 2 кунга етади.

Ўртача ҳар ойда бир марта 5 килограмм ун ҳам олиб турамиз, нархи 1,95 евро (тахминан 25 000). Лекин ун нон учун эмас, кўпинча бошқа пишириқлар учун ишлатилади.

Қуйида Mercadona дўконидаги нон турларининг суратлари келтирилган.

Мақсуд Саломов,
UzbekLife’нинг Испаниядаги колумнисти

Мавзуга оид