Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Японияга ишлаш учун қандай борилади? Мутахассис маълумот берди
Японияда ишлаш истагидагилар аввало япон тилини билиши ва касб бўйича малака имтиҳонини топшириши керак. Ишчида махсус сертификат бўлган тақдирдагина иш берувчилар у билан суҳбат ўтказади ва маъқул келса, шартнома тузади.
Япон тили ва касбий малака тест маркази директори Дилафруз Икромова АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Японияда ишлаш истагидаги фуқаролар учун зарур маълумотларни берди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда кунчиқар мамлакатда ишлаш учун бир неча талаблар борлиги айтилган.
«Японияда ишламоқчи бўлган ҳар бир фуқаро аввало япон тилини билиши ва касб бўйича малака имтиҳонини топшириши керак бўлади. Бизнинг Япон тили касбий малака тест марказимиз фаолияти республикадаги 14та мономарказ базасида ташкил этилди. Ҳозирда Японияда ишлашни истаган 400га яқин фуқаро шу марказларда ўқимоқда.
Айнан бошқа давлатларга борадиган тизим билан солиштирганда Японияга ишлашга бориш бироз бошқача. Яъни фуқаролар олдин ўқитилиб, уларнинг тил ва касбий малака даражаси баҳоланиб, қўлларига сертификат олгачгина иш берувчилар билан суҳбатга киритилади.
Тест жараёни Япония мутахассислари, масъул вазирликлари томонидан амалга оширилади. Ундан муваффақиятли ўтганларга ушбу мамлакатда ишлаш имкониятини берувчи махсус малакали ишчи сертификати топширилади.
Бу сертификатни олиш Япониядан иш топди, дегани эмас. Яъни иш берувчилар шундай ҳужжати бор мутахассис билангина суҳбат қиламиз дейишмоқда. Мана шу талаблар бажарилгач, иш берувчи билан суҳбатдан ўтилади ва шартнома тузилади.
Япония иммиграция хизмати ишчи қўлида иш берувчи билан шартнома бўлса-ю, махсус малакали ишчи сертификати бўлмаса, виза бермаймиз деяпти. Шунинг учун ҳаммаси бир-бирига узвий боғлиқ», деди марказ раҳбари.
Дилафруз Икромованинг айтишича, Японияга ишлаш учун борадиган ўзбек мигрантлари махсус малакали ва техник малака оширувчи дастурлар орқали жўнатилади.
«Ҳозир 152 нафар Ўзбекистон фуқароси рухсат олиб, техник малака оширувчи дастур бўйича Японияда ишламоқда.
Техник малака оширувчи визаси 3 йилга берилади. Бунда фуқаро оддий ойликдан кўра паст, яъни 40 фоиз кам маош олади. Чунки у тўлақонли ишчи эмас, малака оширишга кетмоқда. Шунингдек, у 3 йилдан кейин Ўзбекистонга қайтиб, олган малакасини республикада татбиқ қилиши керак. Бу дастур Японияда 2012 йилдан бери ишламоқда.
2019 йилдан эса махсус малакали ишчи дастури амалга оширила бошланди. Бунда виза муддати 5 йилдан 10 йилгача бўлиб, иккинчи 5 йилликда ишчи ўзининг оиласини ҳам бирга яшаш учун Японияга жалб қилиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, унинг Япониядаги ойлик маоши, барча ижтимоий муҳофазаси япониялик фуқаролар билан тенглаштирилади. Ва мамлакат меҳнат қонунчилиги билан ҳимоя қилинади», деди мутахассис.
Аввалроқ сайтимизда фуқароларни қонуний асосда Японияга ишга юбориш борасида бажарилаётган вазифалар бўйича Дилафруз Икромова билан суҳбат уюштирилганди.
Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Японияда ишлаш истагини билдирган фуқароларнинг дастлабки малакалари, сони, тил билиш даражаси, ёши ва географик жойлашуви ҳақида маълумот тўплаш учун сўровнома ўтказгани хабар қилинган.
Мавзуга оид
20:36 / 06.06.2026
Талаба визасининг муддати тугаган ўзбекистонлик Япониядан депортация қилинди
18:54 / 05.06.2026
Дунёдаги энг машҳур 10 та автомобил бренди номи эълон қилинди
08:33 / 04.06.2026
Япония Ўзбекистонга техник ёрдам ажратади
22:52 / 22.05.2026