Жаҳон | 22:45 / 10.06.2021
9061
2 дақиқада ўқилади

Исроил мўйна сотилишини тақиқлаган биринчи давлатга айланди

Фото: pixabay.com

Исроил мўйна сотилишини қонунан тақиқлаган дунёдаги биринчи давлатга айланди. Бироқ ушбу тақиқлов илмий, таълимий ва диний эҳтиёжларда қўлланувчи мўйнага тааллуқли бўлмайди ва декабрдан кучга киради. Бу ҳақда Исроил экология вазири Гила Гамлиэл маълум қилди. 

«Мен мода саноатида мўйна сотишни тақиқлаш ҳақидаги фармонни имзоладим. Мўйна саноати бутун дунёда миллионлаб жонзотлар ўлимига олиб келади ва шафқатсизлик ҳамда азоб-уқубат билан боғланган. Биз биргаликда Исроилнинг мода бозорини экологик соф ва жонзотларга нисбатан раҳмдил қиламиз», деб ёзган вазир Twitter’да.

Ҳайвонларни ҳимоялаш ташкилоти PETA ушбу фармонни «тарихий ғалаба» деб атаган. Бироқ The Times Of Israel нашри фармоннинг танқидчиларига таяниб, ҳужжат «заиф» ва «рамзий» эканини, чунки мўйнанинг диний сабабларга кўра сотилишини тақиқламаслигини айтган.

Фото: twitter.com/ZakNguyen

Жумладан, ҳужжат қабул қилинганига қарамай, ультраортодоксал яҳудлар байрам ва тантанали маросимлар вақтида бошига киядиган мўйнали телпак – штраймллар сотилиши тақиқланмайди.

«Сувсар ва тулкилар думидан тайёрланадиган қалпоқлар 5 минг долларгача туриши мумкин. Бу Исроилда илиқ иқлим шароитида кенг тарқалган ягона мўйнали маҳсулот ҳисобланади», деб таъкидлаб ўтилган нашрда.

Мавзуга оид