Жамият | 10:57 / 12.06.2021
3250
2 дақиқада ўқилади

«Саховат Наманган» муҳтожлар учун 132 та уй қуряпти

«Саховат Наманган» хайрия жамоат фонди қисқа вақт ичида кўплаб хайрли ишларни амалга оширди. Фонд томонидан кам таъминланган оила вакиллари озиқ-овқат, кийим-бош, умуман олганда рўзғор учун зарур маҳсулотлар билан таъминлаб келинмоқда.

Айни пайтда, фонд томонидан уй-жойга муҳтожлар учун Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги Юксалиш мавзесида кўп қаватли уйлар барпо этиляпти.

«Бу ерда 5 та кўп қаватли уй қуряпмиз, 132 хонадондан 1-2-3 хонали уйлар бўлади, уйлар эҳтиёжга қараб тақсимлаб берилади. Бизга 500 дан ортиқ уйга муҳтожлар мурожаат қилишган, бу хайрли иш давом этади. Ушбу ташаббус туман ҳокимлиги томонидан ҳам қўллаб-қувватланяпти, келгуси қуриладиган уй учун ҳатто ер ажратиб бериладиган бўлди», — дейди фонд аъзоси Маъруф Мўминов.

Унинг таъкидлашича, мана шу қурилаётган турар жойнинг коммуникация тармоқлари ҳам ҳокимият томонидан қилиб берилар экан. Бундан ташқари, бу ерда яшовчи болалар учун саховатли инсонлар кўмагида ўқув марказ ва кутубхона ҳам барпо этилади, аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида тикув цехи ташкиллаш ҳам режалаштириляпти.

«Саховат Наманган» хайрия жамоат фонди ижтимоий тармоқ ва медиа мутахассисининг сўзларига кўра, ушбу фондда айни кунда 100 дан ортиқ кўнгилли холис хизмат қилади. Уй-жойларни қуриш жараёнига эса кўплаб савобталаб инсонлар ҳашар йўли билан кўмаклашмоқда. Фонд қамрови ҳозирча Наманган вилояти бўйлаб фаолият юритаётган бўлса, келгусида бутун республика миқёсида хайрия ишларини амалга ошириш  режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид