09:40 / 13.06.2021
13301

«Ҳаракат ва расмий ҳукумат ўртасидаги ишонч нолга яқин» – «Толибон» расмийси

«Толибон»нинг асосий мақсади халқаро ҳарбий кучларнинг Афғонистонни тўлиқ тарк этишига эришиш ва мамлакатда Ислом ҳукуматининг ўрнатилишидир.

Фото: NOORULLAH SHIRZADA/AFP VIA GETTY IMAGES

«Толибон» ҳаракати матбуот котиби Забиуллоҳ Мужоҳид АҚШнинг машҳур Foreign Policy журналига интервью берди.

— Ҳозиргача бўлган даврдаги тинчлик жараёнини қандай баҳолайсиз? Нега толиблар доимий равишда сулҳга рози бўлишдан бош тортишади?

— Биз тинчликка содиқмиз ва шу сабабли Доҳа шаҳрида ишлаяпмиз, аммо афсуски қарши томон вақтни саботаж қилмоқда ва ўлдирмоқда. Доҳа шартномаси имзолангандан кейин, 15 кун ичида ҳар икки томон барча маҳбуслар озод қилинишига ва томонлар ўртасида музокаралар бошланишига келишиб олган эди. Бу жараён Афғонистон ҳукумати томонидан олти ойга чўзилиб кетди ва шу вақт ичида улар мажбуриятларининг бирортасини бажармади. Кобул маъмурияти вақтни ўлдиришга ҳаракат қилди, чунки ўша пайтдаги АҚШ президенти Дональд Трампнинг сайловда мағлубиятга учраш эҳтимоли ва ундан кейин бошқа шахс келса, Афғонистонга нисбатан муносабатини ўзгартириши мумкин эди.

Қарама-қарши томон тинчлик жараёни ва музокараларига содиқ эканликларини, уруш ўрнига тинчлик билан кўп нарсаларга эришишига ишонганини кўриб, сулҳ тўғрисида ўйлашимиз мумкин. Аммо икки томоннинг бир-бирига бўлган ишончи нолга яқин. Чет эл ҳарбийлари 1 майга қадар Афғонистонни тарк этиши керак эди, аммо улар ҳануз мамлакатда. Афғон халқи ўртасидаги музокаралар 2020 йил 29 февралда имзоланган Доҳа шартномасидан 15 кун ўтгач бошланиши керак эди, бу содир бўлмади. Урушнинг альтернатива бўлиши мумкинлигига ишонч йўқ.

— Бу дегани, сиз 11 сентябрда урушни тўхтатасизми?

— Иккита асосий мақсадимиз бор. Биринчиси, барча хорижий қўшинлар Афғонистонни тарк этиши керак. Иккинчиси, бу жуда муҳим, биз барча афғонларни ўз ичига олган исломий ҳукумат тузишимиз керак. Шундай қилиб, агар чет эл кучлари кетадиган бўлса, унда бизнинг иккинчи мақсадимиз ўз ўрнида қолади ва биз бунга эришишни хоҳлаймиз. Биз ушбу мақсадга суҳбатлашиш ва музокара олиб бориш орқали эришилишини истаймиз. Агар ушбу иккинчи мақсадга эришилмаса, биз ўз мақсадимизга эришиш учун урушни давом эттиришга мажбур бўламиз.

— Афғонистондаги тинчликни қандай тасаввур қиласиз?

— Тинчлик ҳақида гапирадиган бўлсак, Доҳа келишувига риоя қилиш керак. Биз билан шартномани муҳокама қилган чет элликлар ўзларининг келишувдаги жавобгарлигини зиммасига олишлари шарт. Улар Афғонистонни тарк этиб, бизнинг раҳбарларимиз исмлари ёзилган қора рўйхатларини йўқ қилишлари лозим. Биз ўзаро келишмовчиликлар бўлган барча масалаларни столда ўтириб муҳокама қилишимиз керак. Натижада биз тинчликка, сулҳга эришамиз ва уруш Афғонистонда тугайди. Бу ечим, биз бунга содиқмиз ва бошқа томонларнинг Доҳа ҳужжати ва келишувига жиддий муносабатда бўлишини истаймиз ва бошқа ечим ёки йўл сўрамаймиз. Мамлакат учун келажакдаги сиёсий тизим ҳақидаги ҳамма нарсани музокаралар ҳал қилади. Қандай қарор бўлмасин: ҳукумат таркибида ким бўлиши, қандай тизим қабул қилиниши, барча афғонларнинг мамлакатни бошқаришда қандай иштирок этиши – буларнинг барини музокаралар жараёни ҳал қилади.

Афғонистон халқи тинчликни хоҳлайди. Бу биз учун, ҳамма учун равшан. Келгусида ўтмишни унутиш ва Афғонистон келажаги тўғрисида гаплашиш учун яна бир стратегияни амалга оширишимиз керак. Умид қиламизки, икки-уч йил ичида биз ўз келажагимиз ва тинчлигимиз ҳақида гаплашишни бошлаймиз ва барқарорликка интиламиз, афғонлар халқ сифатида бирлашади.

— Яқин икки-уч йил учун толибларнинг режалари борми?

— Мен аниқ айта олмайман, лекин бу биз хоҳлаган ва биз режалаштирган нарсалар.

— Хўш, режалар борми?

— Режа мавжуд. Аммо бу режалар фақат тинчлик столида муҳокама қилинади. Ўша вақтга қадар, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари билан гаплашмасликка қарор қилдик.

— «Толибон»нинг Покистон билан муносабатлари қандай?

— Биз барча мамлакатлар, шу жумладан, минтақавий давлатлар билан самарали муносабатда бўлишни хоҳлаймиз. Покистон қўшни давлат бўлиб, у ерда 3 миллионга яқин афғон қочқинлари яшайди. Покистон билан муносабатларимиз ўзаро маданий, тарихий ва диний алоқаларни ўз ичига олади. Шунингдек, биз Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Хитой ва Эрон билан яхши алоқаларда бўлишни хоҳлаймиз. Сўнгги 20 йил ичидаги ҳукуматнинг тарғибот-ташвиқот ишларига кўра, биз Покистон разведка агентлиги билан чамбарчас боғлиқмиз ва ундан буйруқлар оламиз. Буларнинг ҳеч бири тўғри эмас. Бизнинг Покистон билан алоҳида муносабатларимиз йўқ. Бизнинг ҳокимиятимиз ўз қўлимизда.

— «Толибон» лидери Мулло Охунзода қаерда? У анчадан бери омма олдида кўриниш бермади. У тирикми?

— Хавфсизлик ҳолати туфайли биз раҳбаримиз қаердалигини айта олмаймиз. Аммо мен амиримиз тирик ва мамлакат ичида эканлигини тасдиқлашим мумкин. Беш кун олдин у билан суҳбатлашдим, ундан маслаҳат ва буйруқлар олдим. Мунтазам равишда бизнинг қўмондонларимиз ва бутун мамлакат бўйлаб одамларимиз унга ҳисобот беришади. У тирик ва «Толибон»нинг мамлакатдаги операцияларига раҳбарлик қилмоқда.

— Толиблар учун инсон ҳуқуқлари ва аёллар ҳуқуқлари нимани англатади? Сиз қизлар мактабга, аёллар университетларга боришига, ишлашига, бизнес бошлашига ёрдам берасизми? Сизлар ҳозирги каби очиқ ёки Хитой ва Эрондаги каби ёпиқ ва назорат остида бўлган сўз эркинлигини қўллаб-қувватлайсизми?

— Чет элликлар бизнинг маданиятимизга, турмуш тарзимизга ёки динимизга мос келмайдиган ва маҳаллий маданиятимиз билан боғлиқ бўлмаган қоидалар ва қонунларни олиб киришди. Биз шаҳарлар ва қишлоқларда барча аёлларнинг ўз ҳуқуқларига эга бўлишларини истаймиз.

Биз иккита ечимни хоҳлаймиз. Биринчидан, университетларда, мактабларда ёки мадрасаларда қизлар ва ўғил болалар, аёллар ва эркаклар ўртасидаги фарқ. Ёки аёллар учун тўлиқ ҳижоб. Келажакда нима қилсак ҳам, қонун ва қоидалар Исломга мувофиқ тарзда амалга оширилади.

Биз сўз эркинлиги учун исломий ва афғонча формулани истаймиз. Ҳозирда матбуотда ҳақорат қилиш, одамларнинг обрўйига путур етказишга уриниш ёки «террорчилар» каби атамалар ишлатилади. Бу ислоҳотга муҳтож ва шунинг учун биз барча оммавий ахборот воситаларида ташвиқот ва қоидаларни хоҳлаймиз. Биз матбуот ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини қўллаб-қувватлаймиз, аммо оммавий ахборот воситалари орқали одамларни ҳақорат қилишга қаршимиз.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top