16:18 / 15.06.2021
5304

Тошкентда Ҳукумат акселератори офиси очилди

Жорий йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастури доирасида Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан биргаликда жорий этилаётган ташаббуслардан бири бўлган Ҳукумат акселератори офисининг очилиш маросими бўлиб ўтди.  

Акселераторнинг асосий вазифаси давлат органлари ва ташкилотлари ресурсларини жалб қилиш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги долзарб муаммоларни тез ва самарали ҳал этишдан иборат. Акселератор гуруҳлари ҳар бир 100 кунлик муддат ичида махсус ечимларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида давлат органлари, хусусий сектор ва бошқа манфаатдор томонлар билан ишлайди.

Тадбир доирасида, Акселератор раҳбарияти биринчи 100 кунликда тўртта йўналиш, яъни қурилишга рухсат бериш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шаҳарлар бош режаларини ишлаб чиқиш ва коммунал тўловлар учун ягона биллинг тизимини яратишни соддалаштириш бўйича эришилган натижалар ҳақида иштирокчиларга маълумот тақдим этди.

Барча масъул идоралар иштирокида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида қурилиш рухсатномасини олиш муддатини 246 кундан 84 кунгача қисқартириш ҳамда жараённи онлайн режимга тўлиқ ўтказиш имкони яратилди. Айни пайтда жараённи янада оптималлаштириш ва ҳудудларда электрон тизимни жорий этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда Бўка туманида Акселератор жамоаси тадбиркорликни ривожлантиришдан манфаатдор ва “Аёллар дафтари” реестрига киритилган 55 нафар аёллар рўйхатини шакллантирди. Касб-ҳунар курслари ташкил этилиб, лойиҳа иштирокчиларига бизнес-режаларни ишлаб чиқиш, ўз корхоналарини рўйхатга олиш ва имтиёзли кредитлар берилишига кўмаклашилди.

Шунингдек, Акселератор томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Таклифлар лойиҳа ҳужжатларини идоралараро келишиш жараёнини соддалаштириш, қурилишнинг бош режалари ва уларни ишлаб чиқишга сарфланадиган вақт ва харажатларини камайтириш имконини беради.

20 миллиондан ортиқ коммунал хизматлари истеъмолчиларининг маълумотлари қайта ишланиб, ягона истеъмол идентификатори сифатида фойдаланиладиган жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақамлари (ЖШШИР) асосида коммунал хизматлар ўртасида истеъмолчилар маълумотларининг интеграцияси таъминланди.

БАА томони Акселераторнинг натижадорлиги ва Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастурини ҳаётга татбиқ этишда эришилган муваффақиятлар бошқа мамлакатларда бундай механизмни жорий этишда кузатилган натижалардан анча юқори эканлигини таъкидлади.

Top