Ўзбекистонда қайси турдаги киберҳужумлар кенг тарқалгани ҳақида маълумот берилди
Бугунги кунда ижтимоий инжиниринг ёрдамида ва вирусли файлларни почта орқали жўнатиш орқали қилинадиган киберҳужумлар кенг тарқалган.
Марказий банк департаменти директори Камолиддин Султонов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистонда кенг тарқалаётган иккита киберҳужум тўғрисида маълумот берди.
«Бугун ахборот технологиялари билан бирга киберҳужумлар ҳам ривожланиб, турлари кўпайиб боряпти. Айниқса, ҳозир ижтимоий инжинирингни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган киберҳужумлар сони ортмоқда.
Бунда жиноятчи ижтимоий тармоқларда маълум бир шахсга тегишли маълумотларни тўплайди. Яъни тармоқларга киритилган карта ва банк ҳисобрақамлари тўғрисидаги маълумотларни йиғгач, унга қўнғироқ қилади ва эмоционал таъсир ўтказишга уринади.
Масалан, «банк картангиздан қанчадир маблағ ўғирланди, бу сизмисиз?», дейиши мумкин. Уни эшитаётган одам нима қилаётганини билмай қолиш эҳтимоли катта. Шу сабабли саволларга тез-тез жавоб беришга ҳаракат қилади ва ўйланишга вақти қолмайди. Шу йўл билан улар фойдаланувчининг рўйхатдан ўтган маълумотларини қўлга киритишга ҳаракат қилади ҳамда масофадан туриб унинг ҳисобрақамига ноқонуний кириб олади, маблағларини талон-торож қилади.
Киберҳужумларнинг яна бир тури - вирусли файлларни почта орқали жўнатиш орқали амалга оширилади. Вирусли файл очилса, компьютерга вирус тушади ва ҳакер ўша компьютердаги банкка тегишли маълумотларни қўлга киритиш орқали маблағларни тунайди.
Марказий банк бу муаммони бартараф қилиш бўйича аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўқув семинарлар ўтказиляпти, алоҳида сайтлар очилиб, киберҳужумлардан ҳимояланиш борасида маълумотлар бериб борилмоқда. Айни пайтда киберҳужумга учраганлар учун тезкор хабар бериш тизимларини жорий қилмоқдамиз», деди у.
Аввалроқ, Марказий банкда киберхавфсизлик ва молиявий фирибгарликка қарши курашувчи ҳамда банк ахборот тизимларининг узлуксиз ишлашини мониторинг қилувчи марказ очилиши хабар қилинганди.
Марказнинг асосий вазифаси банк ва молия соҳасида ахборот ҳамда киберхавфсизлик таҳдидларининг олдини олиш ҳамда молиявий фирибгарликларга қарши таъсир чораларини кўришдан иборат эканлиги маълум қилинган.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024