20:53 / 19.06.2021
11161

Пўлат Бобожонов Корея Миллий полиция агентлиги делегацияси билан учрашди

Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги бош комиссари Ким Чанг Йонг бошчилигидаги делегация ва ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ИИВ ахборот хизмати.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Қайд этилишича, учрашувда идоралар ўртасидаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш, терроризм, экстремизм, кибер жиноятлар, одам савдоси ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда ҳамкорлик қилиш, доимий маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш орқали ўзаро тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш соҳасида ҳамкорлик алоқаларини фаоллаштириш бўйича келгусидаги вазифалар режалаштириб олинган.

Шу куни Корея Республикаси Корея Миллий полиция агентлиги Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Миллий гвардия ўртасида икки ва кўп томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ўтказилган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Тадбирда қуйидагилар имзоланди:

  • Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Корея Республикаси Корея миллий полиция агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув;
  • Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси ва Корея Республикаси Корея миллий полиция агентлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
  • Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси билан Корея Республикаси Корея миллий полиция университети ўртасидаги англашув меморандуми;
  • Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети Корея Республикаси Корея миллий полиция университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
  • Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Миллий Гвардияси билан Корея Республикаси Корея Миллий полиция агентлиги ўртасида амалий ҳамкорлик бўйича тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”).
Фото: Ички ишлар вазирлиги

 

Фото: Миллий гвардия

ИИВ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги бош комиссари Ким Чанг Йонг бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрган. Меҳмонлар ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳамроҳлигида вилоят ИИБ фаолияти билан танишишган.

Ташриф давомида бугунги кунда Ўзбекистонда, хусусан, Самарқанд вилоятида жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, чора-тадбирлар борасида тажриба алмашуви жараёни бўлиб ўтган.

Шунингдек, меҳмонлар «Хавфсиз шаҳар» ва «Хавфсиз туризм» концепциялари доирасида вилоят ИИБда барпо этилган замонавий «Ситуацион марказ», «102» тезкор тизими имкониятларидан фойдаланган ҳолда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ходимлар учун яратилган шароитлар билан таништирилган.

Шунингдек, ташриф жараёнида кореялик меҳмонларга Самарқанднинг туристик объектларида хавфсизликни таъминлаш амалиёти намойиш қилинган.

Top