15:30 / 25.06.2021
6387

“Азм-у шижоатли ёш гидроэнергетиклар” ёшлар форуми бўлиб ўтди

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, малакали ва истиқболли кадрлар захирасини тайёрлаш – “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг устувор вазифаларидандир.

Жамият тасарруфидаги “Энергетиклар сиҳатгоҳи”да “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остидаги “Азм-у шижоатли ёш гидроэнергетиклар” ёшлар форуми доирасида 130 нафар юксак билимли, заковатли, ташаббускор ғояларга эга ватанпарвар ёшлар умумий ғоя остида бирлашмоқдалар.

Форум доирасидаги спорт мусобақаларида гуруҳларга бўлинган ёшлар жамоалари спортнинг эстафета, дарвозага тўп отиш, билак-мушаклари машқлари ҳамда стол тенниси турлари бўйича ўзаро баҳс олиб борди.

Спорт тадбирлари якунлангач, навбат “Заковат” интеллектуал ўйинларига уланди. Интеллектуал ўйинларда иштирокчиларнинг билим ва заковати, дунёқараши, мантиқий ва тезкор фикрлаш даражаси баҳоланди.

Форумда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси иштирокида ёшлар учун очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов томонидан жамиятда ёшлар учун амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида маълумот берилди. Мазкур форум ёш гидроэнергетиклар ўзаро тажриба алмашиш, очиқ мулоқотлар олиб бориш кенг имкониятлар эшигини очиб берди.

Форумда жамият тизим ва корхона ташкилотлари раҳбарлари ҳамда Тошкент архитектура ва қурилиш институти, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини меҳанизациялаш муҳандислари институти, Ислом Каримов номидаги Тошкент политехника университети раҳбарияти масъуллари ҳам иштирок этди.

Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов томонидан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва уларда ёшларнинг ҳиссаси, уларнинг ташаббускорлиги алоҳида эътироф этилди.

Бошқарув раиси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 июндаги “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Жамият бошқаруви раиси ташаббуси ва бевосита саъй-ҳаракати билан Жамиятнинг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжи юзасидан таклифлари инобатга олиниб, жорий ўқув йилидан бошлаб, Тошкент давлат техника университетида “Гидроэнергетика” таълим йўналиши ташкил этилиб, мазкур йўналишда 5 нафар давлат гранти, 45 нафар контракт-тўлов асосида, жами 50 нафар талабалик бахтига муяссар бўлишди.

Тошкент архитектура-қурилиш институти “Гидротехника иншоотлари қурилиши (турлари бўйича)” таълим йўналишининг қабул квотаси 100 нафарга етказилди.

Шундан, кундузги бўлимга 75 та (5 та давлат гранти, 70 та тўлов-контракт асосида), сиртқи бўлимга 25 та (тўлов-контракт асосида) ўрин берилди. Жамиятнинг илмий-педагогик салоҳиятга эга малакали мутахассислари ҳамда олий таълим профессор-ўқитувчилари иштирокида ушбу йўналишларнинг бакалавриат ва магистратура босқичлари бўйича малака талаблари, ўқув режаси ва фан дастурлари ишлаб чиқилди.

Муҳокамалар жараёнида ташриф буюрган ОТМлар томонидан билдирилган мурожаатларга ҳам амалий ёрдам берилди. 2021-2022 ўқув йилида Тошкент архитектура ва қурилиш институтининг янги биносида Тошкент вилоятида барпо этилаётган йирик “Пском” ГЭСининг йирик макетини ўрнатиш, иқтидорли талабаларнинг 10 нафари тизим ташкилоти “Гидропроект” АЖга ишга қабул қилиниши айтиб ўтилди.

Шунингдек, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини меҳанизациялаш муҳандислари институти, Ислом Каримов номидаги Тошкент политехника университетида назарий билимларни мустаҳкамлаш учун ўқув лабораториясини янги ўқув йилида замонавий жиҳозлар билан таъминлаган ҳолда фойдаланишга топширилиши айтиб ўтилди.

Мазкур форум ёш гидроэнергетиклар учун ўзаро тажриба алмашиш, очиқ мулоқотлар олиб боришида кенг имкониятлар эшигини очиб берди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати (T)

Top