Сенат "Давлат тили тўғрисида"ги қонунни ўзгартишни маъқуллади
Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Билдирилишича, ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун президентнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони ҳамда Сенат кенгашининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш натижалари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган.
“Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, президент фармони билан 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланди. Бу байрам ҳақидаги норма янги қонунда ҳам ўз ифодасини топган.
“Қонунда амалдагисида мавжуд бўлмаган кўпгина меъёрлар белгиланмоқда. Хусусан, амалдаги “Давлат тили ҳақида”ги қонунда мазкур қонуннинг амалга оширилишини таъминлайдиган, бу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб борувчи махсус давлат органи ва унинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ масалалар умуман очиб берилмаган.
Бундан ташқари, давлат хизматчиларига нисбатан давлат тилини билишга оид талабларнинг белгиланмаганлиги ҳам ушбу қонуннинг амалда ишламаслигига олиб келмоқда.
Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий соҳада ҳамда миллий қонунчиликда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ акс эттириш ва “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг тўғридан тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида у янги таҳрирда ишлаб чиқилди”, дейилади Сенат маълумотида.
Қайд этилишича, қонун мақсади ва қўлланиш соҳаси, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, давлат тили, Ўзбекистонда бошқа тилларнинг мақоми, тил бўйича камситишга йўл қўйилмаслик, давлат тилини ривожлантиришдаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш бўйича ваколатлари, давлат органлари ва ташкилотларининг давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари, давлат тилини ривожлантириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати каби янги нормалар мавжуд.
Қонунда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат тилининг қўлланилиши, иш юритиш тили, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда давлат тилининг қўлланилиши, норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, уларнинг лойиҳаларида фойдаланиладиган тил, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида ишлатиладиган тил, суд ишлари юритиладиган тил, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, фуқаронинг шахсини ва ҳуқуқларини тасдиқлашда қўлланиладиган тил масалалари ҳам батафсил белгиланган.
“Қонун қабул қилиниши давлат тилининг ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида қўлланилишига, унинг ривожланиши ва оммалашувига катта туртки беради. Жумладан, давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Қонуни даражасида белгиланиши барча соҳаларда ўзбек тилининг адабий тил меъёрлари асосида ифода этилишига хизмат қилади. Ўзбек тили билан боғлиқ тарихий-маънавий меросимизни асраб, келгуси авлодларга етказилишини таъминлайди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
11:50 / 20.11.2024
Президент: 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024