Ўзбекистон | 11:02 / 26.06.2021
3750
2 дақиқада ўқилади

Сенат «Расмий статистика тўғрисида»ги қонунни маъқуллади

Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида “Расмий статистика тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун мамлакат миллий статистика тизими ҳуқуқий асосини яратиб бермоқда.

“Амалдаги статистика тизимида очиқ маълумотлар ошкоралиги ва сифат даражасининг пастлиги, маълумотларни фуқаролар ва жаҳон ҳамжамиятига етказиш механизмининг халқаро талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги шунингдек, мавжуд “Давлат статистикаси тўғрисида”ги Қонун фақатгина давлат статистика органлари фаолиятини тартибга солиб, статистик маълумотларни ишлаб чиқиш бўйича бошқа вазирлик ва идораларнинг фаолиятини қамраб олмагани каби муаммолар мавжуд”, дейилади маълумотда.

Қайд этилишича, мазкур муаммоларни бартараф этиш, белгиланадиган қамров ва сифат талаблари кенглиги ва тўлиқлигини ифодалаш мақсадида Қонун билан  “давлат статистикаси” ёки “миллий статистика” атама ўрнига “расмий статистика” атамаси жорий қилинмоқда.

Давлат статистикаси статистика органлари томонидан шакллантириладиган статистик маълумотларни назарда тутган бўлса, расмий статистика барча тайёрловчилар томонидан тайёрланган ва тарқатиладиган статистик маълумотларни қамраб олади.

Натижада миллий статистика тизимига кирувчи барча субъектларнинг фаолиятига ҳуқуқий асос ва расмий статистиканинг халқаро даражада тан олинишига институционал база яратилмоқда.

Миллий статистика тизими, расмий статистикани тайёрловчилар, маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар, респондент ва фойдаланувчиларнинг ўзаро муносабати қоидалари ҳам назарда тутилган.

Расмий статистиканинг умумфойдаланиш учун очиқлик ҳолати, маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражаси, уларни фуқаролар ва жаҳон ҳамжамиятига етказишнинг амалдаги механизмлари халқаро талаблар билан уйғунлаштирилган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид