Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон ядро объектлари ҳақидаги маълумотни АЭХАга бермаслигини айтди
Эрон ядро объектлари ҳақидаги маълумотни Атом энергетикаси бўйича халқаро агентликка (АЭХА) бермайди. Бу ҳақда Эрон парламенти спикери Муҳаммад Ғолибоф маълум қилди.
«АЭХА билан келишув муддати тугади ва биз ядро объектлари ҳамда уларнинг кузатув камераларидан олинган ахборотни агентликка бермаймиз», деб маълум қилган Ғолибоф.
25 июнда АЭХА Теҳрон Эрондаги ядро объектларида мониторинг олиб бориш бўйича техник келишувни узайтириш масаласи бўйича зудлик билан жавоб бериши кераклигини айтган. Ушбу келишув муддати 24 июнда якунланган. Агентлик бош директори Рафаэл Гроссининг таъкидлашича, Эроннинг ядро соҳасидаги фаолияти ҳақида маълумот тўплашни давом эттириш ҳаётий муҳим масала ҳисобланади.
Май охирида АЭХА ва Эрон техник келишувни 3 ойга узайтирган. Бу борадаги дастлабки келишувга Эронда АЭХА билан кафолат ҳақидаги битимга қўшимча протокол ижросини тўхтатувчи янги қонун қабул қилингандан кейин 23 февралда эришилган. Ушбу қонун қабул қилиниши ортида халқаро агентлик Эрон ядро объектларидаги кузатув камераларидан маълумот олиш имконидан маҳрум бўлган. Теҳронда АҚШ Эронга нисбатан санкцияларни бекор қилмаса, унда 3 ойдан кейин камералардан олинган ахборот ўчириб ташланиши айтилган.