Жаҳон | 20:40 / 28.06.2021
14450
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда коронавирусдан соғайган болалар орасида хавфли касаллик тарқалмоқда

Ҳиндистонда коронавирусдан соғайган болалар орасида мултитизим яллиғланиш синдроми билан касалланиш авж олмоқда. Бу ҳақда The Times of India нашри маълум қилди.

«Бу синдромга бир йил бўлмоқда ва у билан боғлиқ ҳолатлар тобора кўпроқ қайд этилмоқда», деб маълум қилган Чандигархдаги Тиббий таълим институти болалар бўлими бошлиғи, профессор Жаяшри.

Ушбу синдром Махараштра, Харяна, Панжоб ва бошқа штатларда болалар орасида қайд қилинган. У билан касалланганлар сони ноаниқ, бироқ рақамлар юздан ортиқни ташкил этмоқда.

Шифокорлар Ҳиндистонда бу касаллик бўйича умуммиллий статистика ва унга қарши курашишга оид тавсиялар йўқлигидан хавотир билдиришмоқда.

Касаллик бола ёки ўсмир коронавирусдан соғайгандан 4–6 ҳафта ўтиб ривожлана бошлайди. Унинг аломатлари қуйидагилардан иборат: тана ҳарорати кўтарилиши, титраш, тошма тошиши, конъюнктивит, ичбуруғ ва қайт қилиш, паст қон босими. Ушбу касаллик бошқа болалар касалликлари билан чалкаштирилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, болаларнинг ушбу синдром билан касалланиши сабабларидан бири пандемияда киритилган чекловлар туфайли улар кам ҳаракатланаётгани, камроқ сайр қилаётгани ва мактабга бормаётгани ҳисобланади. Шунингдек, ушбу касалликнинг ортиқча вазнга эга болаларда пайдо бўлиш хавфи юқори.

Маълумки, Ҳиндистонда коронавируснинг энг хавфли тури «дельта» ва унинг янги варианти «дельта-плюс» пайдо бўлганди. Бундан ташқари, мамлакатда коронавирусдан соғайганлар орасида «қора», «оқ», «яшил» ва «сариқ» моғор касалликлари авж олиши кузатилмоқда.

Мавзуга оид