Ўзбекистон | 08:45 / 28.06.2021
5096
1 дақиқада ўқилади

Туркия вице-президенти шу ҳафта Ўзбекистонга ташриф буюради

25 июн куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олған Бекарни қабул қилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Суҳбат давомида икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, шу ҳафта Туркия вице-президенти Фуат Ўктайнинг Ўзбекистонга ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши ҳамда Ўзбек-турк бизнес-форуми ўтказилиши режалаштирилган.

Ушбу тадбирлар доирасида икки томонлама ҳужжатларнинг йирик тўпламини имзолаш режалаштирилгани ва уларнинг амалда жорий этилиши Ўзбекистон-Туркия муносабатлари янада ривожланишига янги туртки бериши таъкидланди.

Қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқишни назарда тутган ҳолда кутилаётган тадбирлар кун тартибини амалий мазмун билан тўлдириш бўйича яқин ҳамкорлик қилишга келишилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид