14:50 / 29.06.2021
13312

5:3 — футбол фойдасига! Испания ва Хорватия иштирокидаги суперматч

«Қизил фурия» ва «Шашкачилар» Копенҳагенда спектакль намойиш этиб, анчагина зерикарли кечаётган Европа чемпионати плей-оффини безаб беришди.

Евро-2008. 1/8 финал
Хорватия — Испания — 3:5 қ.в.
 (1:1, 2:2, 0:2)
Голлар: Педри, 20 — автогол (1:0). Сарабия, 38 (1:1). Аспиликуэта, 57 (1:2). Торрес, 77 (1:3). Оршич, 85 (2:3). Пашалич, 90+2 (3:3). Мората, 100 (3:4). Ойярсабаль, 103 (3:5).
Хорватия: Ливакович, Юранович (Брекало, 74), Чалета-Цар, Вида, Гвардиол, Влашич (Пашалич, 79), Брозович, Ковачич (Будимир, 79), Модрич (Иванушец, 114), Ребич (Оршич, 67), Петкович (Крамарич, 46).
Испания: Симон, Аспиликуэта, Ляпорт, Гарсия (Пау Торрес, 71), Хосе Гайя (Жорди Альба, 77), Педри, Бускетс (Эрнандес, 101), Коке (Руис, 77), Мората, Сарабия (Ольмо, 71), Торрес (Ойярсабал, 88).
Огоҳлантиришлар: Брозович, 73. Чалета-Цар, 84.
Ҳакамлар: Жунейт Чақир. Баҳаттин Дуран, Тариқ Ўнгун (барчаси — Туркия).
ВАР: Данкерт. Гиттельманн, Дингерт (барчаси — Германия), Гиль (Польша).
28 июнь. Копенҳаген. «Паркен» стадиони. 22771 томошабин.

Якшанба куни Европа чемпионати доирасидаги ўйинларда Португалия ва Нидерландия турнирни тарк этгач, навбат испанларга келгандек эди. Жорий турнирда романтиклар  прагматиклар қаршисида ожиз қолишмоқда, ҳозирги «Қизил фурия» эса таркиби ҳали ёшлиги туфайли ҳам, изчил ўйин услубини шакллантирган жамоалардан фарқ қилмоқда. Словакаияга қарши 5:0, албатта, катта ютуқ эди, аммо барибир камчиликлар борлиги маълум эди. Дастлабки турлардаги мазмунсиз ўйин, Моратанинг гол ура олмаётгани ва асосий форварднинг ижтимоий тармоқларда таҳдидга учраётгани тажрибали рақибга қарши плей-офф ўйини арафасида жамоага у қадар ишонч билдирилмаслигига сабаб эди.

Ҳатто Луис Энрике полицияни вазиятга аралашиб, ўз шогирдига бўлаётган таҳдидларни жиддий қабул қилишга чақирди. Испаниялик мутахассис Моратани фақат сўзлар билан эмас, амалда ҳам қўллаб-қувватлади ва уни бошланғич таркибда туширди, таркибда яна икки янги ижрочи пайдо бўлди — Гайя ва Ферран Торрес. Бундан кўриниб турардики, испанлар қанотларда тезроқ ҳаракат қилиб, хорватлар ҳимоясини ёриб ўтишни ният қилишганди.

Ўз навбатида, «шашкачилар»нинг ҳам ўз муаммолари бор эди. Биринчидан, Ловрен дисквалификацияга учрагани туфайли ҳимоя марказида дастлабки турдан кейин ўйнамаган Чалета-Цар туширилди. Иккинчидан, яна бир муҳим футболчи Перишичнинг коронавирусга топширган тести натижаси мусбат чиқди, у Ребичдан фарқли равишда нафақат ҳужумда фаол, балки ҳимояланишда ҳам яхши ҳаракат қиларди. Хорватия ўйин бошидан кўп вақтини ҳимояда ўтказишига тўғри келди. Аввалига болқонлар майдоннинг иккинчи қисмига фақат қисқа ва аниқ узатмалар орқали ўтишди, тўп йўқотилиши билан дарҳол тўп ҳаракати бўйича ортга қайтиб, 4-2-3-1 схемаси бўйича жойлашишди.

Агар кимдир ўйиннинг дастлабки ярим соатини ўтказиб, трансляцияга ҳисоб 1:0 ҳолатида қўшилган бўлса, унда Хорватиянинг идеал режаси тўғрисида ёлғон тасаввур уйғонган бўлиши мумкин. Аммо амалда идеаллик ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди. Ҳимоячилар Коке марказдан ёриб кириб Ливакович билан бирга-бир вазиятга чиқишига ва қанотдан узатма бўлганда Мората ёлғиз қолишига йўл қўйишди.

Испанлар имкониятлардан фойдалана олишмади — номинал мезбонларга омад кулиб боқди. Олдинда жорий турнирдаги тўққизинчи автогол кутиб турарди — «Шашкачилар» ўзи бундан бошқа ҳеч қандай вазиятга эга бўла олишмади.

Автогол эса ҳақиқий совға бўлди. Бундай юқори даражадаги турнирларда бундай қўпол хатоларга йўл қўйиш керак эмас. Одатда автоголлар рақиб босими ёки тўп учун кураш вақтида рўй беради, аммо Педри қилганидек эмас. 18 ёшу 215 кунлигида Европа чемпионати плей-оффида ўйнаб, Уэйн Рунининг рекордини янгилаган футболчи болалар футболида ўргатиладиган илк қоидаларга зид тарзда ўз дарвозаси томон пас узатди. Унаи Симон ҳам узоқ масофадан у қадар катта куч билан келмаган тўпни ўзига бўйсундира олмади.

Луис Энрике ишонч билдирган «Атлетик» дарвозабони тўпга тегинди ва унга автогол ёзилди - бу мураббийнинг томорқасига яна тошлар отилишига сабабдир. Ушбу баск якунланган мавсумда олти марта голга олиб келган хатога йўл қўйганди - «Кучли бешлик»даги бирор дарвозабон бу қадар кўп қўпол хато қилмаган. Терма жамоада ҳам Симон биринчи марта «ўзини кўрсатиши» эмас, апрель ойида ЖЧ-2022 саралашида Косовога қарши ўйинда у сўнгги ҳимоячи вазифасида ҳаракат қилишга уриниб, тўпни рақибга топшириб қўйган ва деярли майдон марказидан йўлланган зарбани ўтказиб юборганди.

Испания ўзига келиб олгунича хорватлар яна гол уриш имкониятига эга бўлишди, аммо Влашичнинг ўнг қанотдан ёриб кириши дарвоза тўрига ташқи томондан зарба берилиши билан якунланди. Кўп ўтмай «Қизил фурия» барибир ўзини қўлга олди ва рақибга босим ўтказиб, танаффус арафасида жавоб қайтаришга муваффақ бўлди. «Шашкачилар» эса шунчаки тез фикрлаш ва тўпни тез ҳаракатлантиришда испанлар билан тенглаша олишмади. Гайянинг зарбаси фақат Ливаковичнинг қаҳрамонлиги туфайли гол бўлмай қолганида, Сарабиянинг жавоб голи урилганда ва қанот ҳимоячиси Аспиликуэта марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлганида шу нарса кўринди.

Испанликларнинг даража жиҳатдан устунлигига бир мисол сифатида, Аспиликуэтага ассистентлик қилган Торрес бу вазиятда тўртинчи бор голли вазият яратганини келтириш мумкин. «Манчестер Сити» яримҳимоячиси бешинчи вазиятни ўзи учун яратди ва ўзи гол урди - бу голдан кейин масала ҳал бўлгандек эди.

Қолаверса, бу вақтга келиб Симон ўзини қўлга олган ва ҳисоб 1:2 ҳолатида бир неча ажойи сейвлар ижро этганди. Аммо ўйиннинг охирги қисмида Оршич ва Пашалич ўйинни қутқарувчи вазифасини бажаришди.

Хорватия таслим бўлишни истамади ва жарима майдонидаги талатўпда бир амаллаб тўпни чизиқдан ўтказишди.

Рақиб бўшашганидан фойдаланиб босимни кучайтиришди ва учинчи гол ҳам урилиб, ўйин қўшимча бўлимларга олиб ўтилди.

Турнирда бунгача ҳали бу қадар ҳаяжонли учрашув бўлмаганди. Овертаймларда ҳам жамоалар эҳтиёткорликни бир четга суриб навбатма-навбат олдинга югуришди ва жанг қилишди. Қолган ярим соат Испанияни аёвсиз танқид қилганларни уялтириб қўйган дақиқалар бўлди. Ҳисоб 3:3 ҳолатида Симон Крамаричнинг яқин масофадан йўлланган кучли зарбасини қайтарди.

Мората эса чиройли тарзда ғалаба голини урди, ўйинни захира ўриндиғида бошлаган Ольмо ўзи ҳисобига икки голли узатмани ёзиб қўйди. Ҳозирда «Лейпциг»да тўп сураётган испаниялик Загребнинг «Динамо»сига бориб катта футболдаги қадамларини бошлаганди.

Хорватларга ачиниш мумкин, аммо плей-оффда фақат бир жамоа қолади. Испания эса 2012 йилги Евродан кейин яна уйғонмоқда. 2014 йилги жаҳон чемпионатида амалдаги чемпионлар бўлган испанлар гуруҳдан чиқа олишмаганди. Кейин Евро-2016 ва ЖЧ-2018да 1/8 финалдаёқ иштирокини тўхтатди. Энди «Қизил фурия» яна катта ўйинда, эҳтимол шу оқшом испанларда янги буюк жамоа туғилгандир.

Мавзу
Евро-2020
Пандемия туфайли кечиктирилган футбол бўйича Европа чемпионати 11 июнь куни бошланади. Турнир илк марта бутун Европа бўйлаб 11 шаҳардаги стадионларда ўтказилади.
Барчаси
Top