Евро-2024. Финал
Испания – Англия 2:1
Голлар: 1:0 – 47 Уилямс, 1:1 – 73 Палмер, 2:1 – 86 Ойарсабал.
Испания – Унаи Симон, Карвахал, Лапорт, Ле Норман (Начо, 83), Кукуреля, Фабиан Руис, Родри (Субименди, 46), Олмо, Уилямс, Ямал (Мерино, 89), Мората (Ойарсабал, 68).
Англия – Пикфорд, Уокер, Стоунз, Геҳи, Шоу, Райс, Фоден (Тоуни, 89), Беллингҳем, Майну (Палмер, 70), Сака, Кейн (Уоткинс, 61).
Огоҳлантиришлар: Кейн (25), Олмо (31), Стоунз (53), Уоткинс (90+2).

Европа чемпионатига ўйин услуби бутунлай бир-бирига зид жамоалар етиб келганди. Бир томонда — ҳужумкор ва ёрқин, романтик футболга содиқ қолган Испания, иккинчи томонда — зерикарли ва ҳаддан ташқари прагматик, таркибидаги ижрочилари даражасига мос келмайдиган ўйин кўрсатаётган Англия. Буни финал учун идеал жуфтлик дейиш мумкин эди.

Испанлар таркибидаги асосий ўзгариш сифатида — Ямал энди 16 ёшли вундеркинд бўлиб эмас, вояга етган футболчи сифатида майдонга тушганини қайд этиш мумкин; у финал арафасида 17 ёшини нишонлади. Таркиб бўйича барчаси олдиндан маълум эди, де ла Фуэнте — финалда тажриба қиладиган даражада таваккалчи эмас. Карваҳал ва Ле Норман дисквалификацияни ўтаб майдонга қайтди — улар олдиндан асосий таркиб футболчилари эди.

Саутгейт ҳам иш бериб турган тизимни бузишни истамади. Яна уч марказий ҳимоячидан иборат схема танланди, Сака ўнг қанот латерали ролида тушди, қарама-қарши қанотда эса Шоу ҳаракат қилди, бу унинг учун феврал ойидан буён илк бор бошланғич таркибда ўйнаши эди. У бу позицияга кўникиб кета олмаган, асосий оёғи ўнг оёқ бўлган Триппиерни алмаштирди. 

Биринчи бўлим ўрталарида тўпга эгалик қилиш бўйича устунлик 70:30 нисбатида испанлар томонида эди. Улар бутун вақтини инглизлар мудофаасида бўш жой топишга уриниш билан ўтказишди. Аммо бундан наф чиқмади — икки жамоа ҳам нафақат ҳимояда, балки ўтиш фазаларида ҳам хатосиз ҳаракат қилди. Икки жамоада ҳам тезкор қарши ҳужумларга ўтиб кетиш имкони юзага келмади. Испания иложсизликдан қанотлардан узатма беришга ўтди ва бу ҳам мутлақо фойдсиз эди.

Биринчи бўлим Саутгейтнинг сценарийси бўйича кечди дейиш мумкин, қанотларда Уокер Нико Уилямсга, Шоу Ламин Ямалга ўйин бермади. Жамоалар сифатли футбол намойиш этишди, аммо яққол вазиятлар яратилмади. 45 дақиқа давомида томонлар дарвоза соҳаси томон биттадан аниқ зарба йўллашди, кутилган голлар бўйича биргаликда xG 0,37 кўрсаткичини қайд этишди. 

Иккинчи бўлим Испания мухлислари учун нохуш хабар билан бошланди — Родри ўйинни давом эттира олмаслиги маълум бўлганди. У биринчи бўлим охирида Кейннинг зарбасини тўсишга уринганида жамоадоши Ляпорт билан тўқнашиб кетганди.