Испания миллий жамоаси рекорд даражада тўртинчи бор Европа чемпионатида ғалаба қозонди. Евро-2024 финалида «Қизил фурия» Нико Уилямс ва Микел Ойярсабалнинг голлари эвазига Англияни мағлуб этди (2:1). Жамоанинг қатор футболчилари юқори даражага чиққунича машаққатли меҳнат ва қийин паллалар йўлини босиб ўтган. Қуйида Европанинг янги чемпионлари тўғрисидаги драматик ва баъзи ҳолларда кулгили тарихлар келтирилади.

Месси олти ойлик Ямални болалар ваннасида чўмилтирган

Евро вақтида Ламиннинг отаси турнирнинг энг яхши ассистентининг (тўртта голли пас) болалигида рўй берган ажойиб воқеани эслади. Ямал ярим ёшлигида (2007 йил декабр) Лионел Месси билан фотосессияда иштирок этган, уни «Барселона»нинг ўша вақтдаги титул ҳомийлари Diario Sport ва ЮНИСЕФ уюштирганди. Ташкилот болалар ҳимояси билан шуғулланган ва шунинг учун фотосессияда жамоа футболчилари билан бирга чиқиши учун Каталониянинг қашшоқ ҳудудларидан номзод чақалоқ қидирган.

Улардан бири олти ойлик Ямал эди. Унинг ота-онаси фотосессияда иштирок этишга номзодлар танловида ғолиб чиқади. Месси митти Ламинни болалар ваннасида чўмилтираётгани акс этган сурат шундай яралади. Фотосуратчи Жоан Монфорт бу образни ўз қизини чўмилтираётган чоғда ўйлаб топганини айтган. Бу «Барселона»нинг икки энг истеъдодли тарбияланувчисининг ажабтовур учрашуви бўлганди.

Родри фаолиятининг илк даврида ётоқхонада яшаган

Ушбу яримҳимоячи болалигидан кўп вақтни нафақат футболга, балки ўқишга ҳам ажратган — ҳатто инглиз тилини ўрганиш учун АҚШ ва Ирландияга борган. У профессионал фаолиятини бошлаганидан кейин ҳам таълим олишни тўхтатиб қўймаган. 2013 йилда у «Вилярреал»га қўшилади ва икки йил ўтиб ла лигада дебют қилади. Ўшанда Родри 19 ёшда бўлган ва у ҳамон Кастилия университетида бизнес бошқаруви бўйича таҳсилни давом эттираётганди. Бу вақтда футболчи ўқув муассасаси ётоқхонасида яшаган ҳамда бу билан гуруҳдошларини ҳайрон қолдирган.

Нико Уилямснинг ота-онаси Саҳройи Кабирни пиёда кезиб ўтган

Евро финалидаги биринчи гол муаллифининг ота-онаси Либериядаги фуқаролик уруши ва қашшоқликдан қочиб, тинч ва фаровон ҳаёт излаб йўлга чиққан африкаликлар эди. Улар қора қитъанинг энг шимолий нуқтаси ва Испания ҳудуди ҳисобланган Мелиля шаҳрига етиб олиш учун Африканинг қарийб ярмини пиёда юриб ўтади. Бу йўлнинг катта қисми ўлим хавфига тўла бўлган Саҳройи Кабир бўйлаб ўтарди — ушбу саёҳат давомида Никонинг отаси оёқнинг пастки қисмида сезувчанликни йўқотади. Улар Испания чегарасидан ўтганида эса қамоққа ташланади — фақат адвокат уларга қамоқдан чиқиш ва Испанияда қолишда ёрдам беради.