«Толибон» ўз ҳаракатини давом эттирмоқда: Афғонистондаги сўнгги вазият қандай?
АҚШ ва НАТО кучларининг Афғонистонни тарк этиш санаси яқинлашиб бораётган бир пайтда «Толибон» мамлакатнинг турли ҳудудларига ҳужум уюштиририб, баъзи нуқталарни ўз назоратига олишда давом этмоқда.
Сўнгги кунларда Афғонистоннинг шимолий ва марказий минтақаларида тўқнашувлар кучайгани билдирилди.
Мутахассисларнинг фикрича, толиблар ўз таъсир доиралари кучли бўлган жанубдан ташқарига чиқиб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам ҳукмронлик ўрнатишга интилмоқда.
Афғонистоннинг марказида жойлашган ва тўқнашувлар у қадар қизғин бўлмаган Бомиён вилояти полицияси вакили Ҳумоюн Элхани «Толибон» баъзи назорат пунктларига ҳужум қилгани ва тун бўйи шиддатли тўқнашувлар содир бўлганини маълум қилди.
Reuters ахборот агентлиги мамлакатнинг марказий қисмидаги яна бир вилоят – Ғазнидаги Мукур минтақаси «Толибон» назорати остида эканлигини эълон қилди.
Қайд этиш жоиз, толиблар Мукурни бир неча ойдан бери қамал қилиб келаётганди. Ғазни вилояти соғлиқни сақлаш директори Зоҳир Шоҳ Некмал душанба куни эрталаб Мукур шаҳридаги соғлиқни сақлаш маркази бомбардимон қилингани ва бешта тиббиёт ходими жароҳат олганини маълум қилди.
«Толибон»нинг Афғонистон шимолидаги Бадахшон вилоятига қилган ҳужуми эса хавфсизлик кучлари томонидан қайтарилгани ҳақида хабар берилди.
Шунингдек, толиблар ўтган ҳафта эгаллаб олинган Тожикистон чегарасидаги ўта муҳим Шерхон-Бандар чегара пунктини назорат қилмоқда.
Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси раиси Шафиқуллоҳ Отойининг айтишича, «Толибон» чегара дарвозаси учун ўз вакилларини масъул қилиб тайинлаган, аммо ҳозирги пайтда икки давлат ўртасидаги савдо тўхтаган.
«Толибон»: Шерхон-Бандар чегара постини бошқариш учун масъул тайинладик
«Толибон» матбуот котиби ҳам чегара дарвозаси маъмуриятига масъул шахслар тайинлагани ва бу дарвоза одамларнинг кириб-чиқиши учун очиқ бўлишини эълон қилди.
Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг айтишича, сўнгги пайтларда толибларнинг ҳужумлари сони ортиб бораётгани жамоатчиликда жиддий ташвиш уйғотмоқда.
«Мен барча сиёсатчилар ва маҳаллий маъмурларни хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлашга чақираман. Толиблар ҳокимиятга куч билан келмайди», деди Абдуллоҳ.
Шунингдек, Афғонистон Мудофаа вазирлиги «Толибон»га қарши кўплаб ҳаво ҳужумлари уюштирилганлиги ва бунинг натижасида ташкилот катта йўқотишларга дуч келганини маълум қилди.
BBC мониторинг хизматининг маълумотларига кўра, Афғонистон матбуотидаги сўнгги изоҳлардан билиш мумкинки, толиблар ҳужумининг ортиши ортида АҚШ ўз қўшинларини олиб чиқиб кетганидан сўнг ҳукуматнинг қулаши ҳақидаги миш-мишлар ва бунга боғланган умидлар турибди.
АҚШ 11 сентябрь хуружларининг 20 йиллигига келиб мамлакатни тарк этмоқда
АҚШ ва НАТОдаги иттифоқчилари қарийб 20 йилдан бери Афғонистонда қўшин сақламоқда. Байден 1 майдан бошланган чиқиш жараёнини Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази биноларига ва Вашингтондаги Пентагонга қилинган ҳужумларнинг 20 йиллигига қадар, яъни 2021 йилнинг 11 сентабригача якунлашни мақсад қилган.
АҚШ 2001 йилда тахминан 3 минг кишининг ҳаётдан кўз юмишига сабабчи бўлган террористик ҳужумларда «Ал-Қоида» ташкилоти ва унинг етакчиси Усама бин Лодинни айблаб, Афғонистонда аввалига ҳаво, кейинчалик эса қуруқлик операциясини бошлаганди.
20 йилдан сўнг мамлакатни тарк этиш жараёни бошланган ушбу даврда кун тартибидаги энг муҳим масала Кобул каби муҳим нуқталар, умуман, Афғонистон хавфсизлиги бўлиб турибди. «Толибон» эса ҳануз Афғонистонда таъсирга эга куч бўлиб қолмоқда.
Мавзуга оид
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024