Иқтисодиёт | 10:37 / 06.07.2021
8304
2 дақиқада ўқилади

Давлат компанияларига харидларни тендерсиз амалга ошириш тақиқланди

Ўзбекистон президентининг «Шаффофликни таъминлаш ва давлат харидлари самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 5 июлдан бошлаб Давлат компаниялари учун индивидуал тарзда давлат харидларини тендерсиз ўтказишнинг мавжуд талаблари бекор қилинди. Уларга давлат харидлари ўтказилиши тўғрисидаги эълонлар ва давлат харидлари натижалари тўғрисидаги ахборотни махсус ахборот портали ва ОАВда эълон қилиш мажбурияти юклатилди.

Агар товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати 25 000 БҲМдан юқори бўлса, техник шартлар ва сотиб олиш учун тендер ҳужжатлари Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт шартномаларини комплекс экспертизадан ўтказиш маркази»га тақдим этилади.

Бундан ташқари, Кузатув кенгаши йиғилишида корпоратив буюртмачилар харидларнинг мувофиқлигини белгилаш учун йиллик ва чораклик давлат харидлари жадваллари, шунингдек, импорт қилиниши режалаштирилган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) рўйхатлари кўриб чиқилади.

Давлат харидларининг очиқ ва ошкора амалга оширилишини таъминлаш учун Республика комиссияси тузилди. Унинг ишчи органи - Молия вазирлиги томонидан шакллантирилади.

Мавзуга оид