Жаҳон | 09:38 / 06.07.2021
13324
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашганини маълум қилди 

Фото: Global Look Press

ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича директори Майкл Райаннинг таъкидлашича, дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарорлашди, бироқ бу “жуда юқори касалланиш даражасида” юз берди

“Агар касалланишнинг охирги 2 ҳафтадаги графигига қарасак, унда ўзига хос барқарорлашувни кўришимиз мумкин. Бироқ бу жуда юқори касалланиш даражасида юз берди”, деб маълум қилган Райан.

ЖССТ вакилининг таъкидлашича, ҳозирда дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият 2-3 ой олдингидан яхшироқ. Баъзи давлатларда касалланиш даражаси кескин пасайгани кузатилаётган бир вақтда, бошқа давлатларда бунинг акси юз бермоқда. Райаннинг айтишича, бу кўплаб омиллар, жумладан, коронавируснинг юқумлироқ янги штаммлари пайдо бўлгани, эпидемияга қарши чоралар юмшатилгани ва одамлар ўртасида алоқа кўпайгани билан боғлиқ.  

ЖССТнинг яна бир вакили Мария ван Керкхове дунёда коронавирус билан боғлиқ вазиятни “бир текис эмас”, деб таърифлаган.

ЖССТ мутахассисининг таъкидлашича, Шимолий ва Жанубий Америкада янги касалланиш ҳолатлари сони камайгани (13 фоизга), бошқа қитъаларда эса кўпайгани қайд қилинмоқда. Жумладан, Европада охирги ҳафтада касалланиш даражаси 28 фоизга ўсган.

“Камида 20та давлатда касалланиш ҳолатларининг кескин кўпайгани қайд қилинган”, деб қўшимча қилган ван Керкхове.

Охирги ҳафтада дунёда 2,6 млнтага яқин янги касалланиш ҳолати, 54 мингта ўлим ҳолати қайд қилинган.

2 июлда ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ҳозирда пандемиянинг хавфли босқичи кузатилаётганидан огоҳлантирган. Унинг таъкидлашича, бунга вируснинг “ҳиндча” штамми сабаб ҳисобланади. 100га яқин давлатда аниқланган ушбу штамм мутация қилишда давом этмоқда ва одамларга хавф солмоқда.

Мавзуга оид