Жаҳон | 18:05 / 08.07.2021
21021
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг собиқ президентлари Акаев ва Бакиев халқаро қидирувга берилди

Қумтордаги коррупция иши бўйича яна бир неча нафар собиқ амалдорларга нисбатан иш қўзғатилган.

Қирғизистоннинг собиқ президентлари Асқар Акаев ва Курманбек Бакиев Қумтор олтин кони иши бўйича халқаро қидирувга берилди. Бу ҳақда Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғи Қамчибек Тошиев маълум қилди.

"Қумтор иши бўйича суриштирув доирасида собиқ президентлар Акаев ва Бакиев халқаро қидирувга берилди", - деди у.

Тошиевнинг сўзларига кўра, Қумтордаги коррупция иши бўйича яна бир неча нафар собиқ амалдорларга нисбатан иш қўзғатилган.

17 май куни Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Қумтор конини ўзлаштириш билан шуғулланган «Кumtor Gold Kompani» корхонаси вакилларига нисбатан 4та жиноий иш қўзғатганди. Қамчибек Тошиевнинг таъкидлашича, ушбу иш доирасида хавфли моддалар билан муомала қилиш қоидаларини бузиш, тупроқ ва атмосферани ифлослантириш, музликларни йўқ қилиш, суғурта ва солиқ қонунбузарликлари билан боғлиқ ҳолатлар тергов қилинмоқда.

Май ойи охирида собиқ бош вазир Омурбек Бабанов ва парламентнинг собиқ раиси Асилбек Жээнбеков мазкур иш доирасида ҳибсга олинганди.

Июн бошларида эса президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Данияр Наримбаев ва собиқ бош вазир ўринбосари Алмазбек Баатирбеков ҳибсга олинди.

Қумтор конини ўзлаштириш билан 1990-йиллар бошидан бери Канаданинг «Centerra Gold Inc.» корпорацияси шуғулланиб келади. Корпорациянинг Қирғизистон ҳукумати билан тузган келишувига асосан конни ўзлаштириш мақсадида “Кumtor Gold Kompani” корхонаси ташкил этилган.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда Қумторда 17 тоннадан кўпроқ олтин олинган.

Мавзуга оид