Спорт | 23:41 / 13.07.2021
11196
1 дақиқада ўқилади

Токиода Олимпия қишлоғи очилди

13 июлда, Олимпиада бошланишига 10 кун қолганда Токиода Олимпия қишлоғи очилди. Объект ўз ичига 21та бинони олган. Бу ерда спортчилар яшаши учун 3600дан кўпроқ хона мавжуд.

Эътиборлиси, спортчилар учун мўлжалланган каравотлар картондан, матраслар эса пластикдан тайёрланган. Уларни кейинчалик қайта ишлаш мумкин бўлади. Бундай “картон” каравотлар 200 кггача юк кўтара олади.

Ўйинлар ташкилий қўмитаси ишлаб чиққан янги протоколларга кўра, спортчилар Олимпия қишлоғига улар қатнашадиган мусобақалар бошланишидан 5 кун олдин келиб, уни ўз иштирокларини якунлагандан кейин 2 кун ичида тарк этишлари керак бўлади.

Объект ҳудудида коронавирус тарқалиши олдини олиш учун алоҳида тиббий блок фаолият юритади. Бу ерда спортчилар ҳар кун коронавирусга тест топширадилар. Улар ниқоб тақиб юришлари ва барча хавфсизлик қоидаларига амал қилишлари лозим бўлади.

Ўйинлар 23 июлда бошланиб, 8 августгача давом этади.

Мавзуга оид