Спорт | 17:56 / 14.07.2021
14594
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик Сарвар Исмоилов АПЛ клуби директорлар кенгашидан ўрин олди

Миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Сарвар Исмоилов Англиянинг «Эвертон» клуби директорлар кенгашига киритилди. Бу ҳақда Ливерпуль клуби расмий сайти хабар берган.

Ўзбекистонлик 26 ёшли ишбилармон «Эвертон» клуби директорлар кенгашида клуб хўжайини эронлик Фарҳод Моширининг вакили сифатида иштирок этиш билан бирга, клубнинг Алишер Усмоновга тегишли USM Holdings компанияси билан алоқаларини мустаҳкамлаш билан шуғулланади. 

«Эвертон» клуби директорлар кенгашига аъзо бўлиш – мен учун катта фахр. Бу катта масъулият эканлигини тушуниб турибман. Директорлар кенгаши ва клуб раҳбариятига менга билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб қоламан.

Бу клубни жуда яхши кўраман. Жамоа равнақи учун янги ғояларим билан иштирок этиб, бор куч ва имкониятларимни ишга солишга тайёрман. Биз янги эрани бошлаяпмиз ва фақат олдинга қараб катта ишонч билан ҳаракат қилишда давом этамиз», - дея Исмоиловнинг сўзларини келтирмоқда клуб расмий сайти.

Эслатиб ўтамиз, Сарвар Исмоилов 2019 йилдан буён «Эвертон» клубининг аёллар жамоаси спорт ва тижорий директори лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Маълумот учун, «Эвертон» бош мураббийи Карло Анчелотти жамоани тарк этиб, «Реал» бош мураббийига айлангач, унинг ўрнини Рафаэль Бенитес эгаллади.

Мавзуга оид