Жамият | 22:25 / 15.07.2021
5028
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ўқувчиларнинг дала ишларига жалб қилинганига изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Муборак тумани Қарлиқ қишлоғида дала ишига жалб қилинган ўқувчиларнинг меҳнат ҳақи берилмагани ҳақида хабар тарқалган. Ушбу хабарга Муборак туман Халқ таълими бўлими муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Муборак тумани ХТБ томонидан ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Тумандаги Қарлиқ қишлоғи атрофида жойлашган фермерлар ва далада ишлаётган гуруҳ бошлиқлари ҳамда ўқувчи ёшлар билан учрашувлар ўтказилган.

Қайд этилишича, ўқувчилар ёзги таътил даврида ўз хоҳишига кўра, ота-оналарига ёрдам сифатида, уларнинг назорати остида дала ишларига чиқишган ҳамда уларга келишилган маошлари бериб борилган.

Бу борада МФЙ раислари, мактаб директорлари, ота-оналарга таътил даврида фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишини, уларнинг китоб ўқишини, мактабларда фаолият кўрсатаётган спорт тўгаракларига боришини таъминлаш тўғрисида қайтадан тушунтириш берилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид