Ўзбекистон | 16:56 / 16.07.2021
53579
10 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчи – йўлда кроссворд ечувчи. Яна йўллар сифати ҳақида

Бу йўллар... абгор йўллар. Йўл мавзуси ҳақида сўз кетганда, шундай деб юборгинг келади баъзида.

Меҳнат сафари билан республика вилоятларига жуда кўп борганман. Йўлларнинг умумий аҳволи, йўл белгиларининг талабга жавоб бермаслиги, тунги вақтларда ёруғлик қайтармаслиги, йўлларни таъмирлаш чоғида белгиланган масофаларда огоҳлантирилмаслиги, дабдурустдан жуда яқин масофа қолганда, йўлнинг бир қисми ёпиқ эканига дуч келиш ҳоллари кўп бўлган. Аллоҳ асраб, абжирлик қилиб, транспорт воситасини қаршингиздаги тўсиндан олиб қочсангиз, хўп-хўп, афсуски, шу тўсинлар неча-неча инсонларнинг умрига зомин бўлаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат.

Йўл чизиқларининг аҳволи ҳақида гапирмай қўя қолган маъқул. Чизиқлар кўринмаслигини қўя турайлик, уларнинг стандарт талабларига жавоб бермаслигини қандай изоҳлаш мумкин?

Биз Тошкент шаҳридаги айрим шохкўчалар ва мавзелар орасидаги йўллар ҳамда М39 халқаро автомобил йўлининг Жиззах вилояти ва Самарқанд вилояти Жомбой туманидан ўтувчи айрим қисмлари аҳволи мисолида йўллар мавзусига яна бир бор эътибор қаратишни истадик.

Даставвал пойтахтнинг серқатнов кўчаларидан бири бўлган Бунёдкор шохкўчасига диққат қаратмоқчимиз.

Кўпчиликка маълум, Бунёдкор шохкўчасининг “Чилонзор”, “Мирзо Улуғбек” ва “Новза” метро бекатлари жойлашган чорраҳаларида кўприклар барпо этилди. Бу яхши, барака топишсин. Лекин, бу кўприкларнинг устига чизилган сидирға чизиқлар 3 хил стандартда десам, ишонасизми?

Унда қуйидаги тасвирларга эътибор қилинг-а. Кетма-кет келадиган уч кўприк устига чизилган сидирға чизиқларнинг узунлиги уч хил. Чилонзор чорраҳасидаги кўприк устига чизилган сидирға чизиқ салкам 200 метр, “Мирзо Улуғбек” чорраҳасидаги кўприкка чизилган чизиқ нақ 670 метр, “Новза” чорраҳасидаги кўприк устидаги чизиқ 370 метр. Бунда “Мирзо Улуғбек” кўпригидаги 1.1 сидирға чизиқ ҳаддан ортиқ узун чизилганки, Чўпонота кўчасига бурилмоқчи бўлган ҳайдовчи кўприкка етмасдан анча олдинроқ ўнг чекка қаторни эгаллаши лозим. Акс ҳолда, у сидирға чизиқни босиши аниқ.

Хўш, йўл белгилари сифати ва ётиқ йўл чизиқлари хусусида мутахассис нима дейди? Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг Экспертлар кенгаши аъзоси Носиржон Зокиров йўл белгилари ва йўл чизиқлари ҳақидаги фикрларини билдирди.

“Мен мутахассис ва ҳайдовчи сифатида айтишим мумкинки, йўлларнинг аҳволи, тўсатдан учраб қоладиган чуқурликлар, йўл белгилари, йўл чизиқлари талабга жавоб бермайди. Автомактабларда йўл белгилари ва йўл чизиқлари йўл ҳаракати иштирокчиларининг “мулоқот тили” деб ўқитилади. Йўл белгиси етишмаса, йўл чизиғи нотўғри чизилган бўлса, ҳайдовчи ўша жойда йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқариш эҳтимоли бўлади.

Ҳайдовчи йўлда бошқотирма ишлаши керак эмас. Унга барча нарса тайёр, лўнда ва аниқ бўлиши шарт. Бунёдкор шохкўчасидан кўп юраман. Бир сафар Чўпонота кўчасига бурилиб кетиш учун йўлнинг ўнг бўлагига қайта тизилиш тажрибали ҳайдовчи сифатида мен учун ҳам бироз қийин бўлди. Аслида, кўприк устида ҳам 1.1 чизиқ чизиш шарт эмас. Агар жуда зарур бўлса, ўша чизиқни фақатгина кўприкнинг устига чизиб қўйилса бас”, – дейди Носиржон Зокиров.

Мутахассис, шунингдек, республиканинг айрим йўлларида ҳайдовчилар учун “тузоқ” чизиқлар ҳам борлигидан ҳайронлигини яширмади.

Зокировга кўра, 1.1 сидирға чизиқларни нотўғри чизиш орқали айрим ҳолатларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ўрнига, авария ҳолати келиб чиқиши учун шароит яратилмоқда.

“Баъзида ҳайдовчилардан шикоятлар келиб қолади, Қамчиқ довонидан ўтувчи йўлда, Ёзёвон йўлида ёки М-39 йўлининг кўп жойларида “қопқон-тузоқ” бор.

Чунки бу чизиқ қопқонга ўхшаб туради. 1.1 сидирға чизиқ йўлнинг ўртасида тўсатдан пайдо бўлади. Бу ҳолатда ҳаракат хавфсизлиги таъминланмаяпти. Аслида, бу йўлда барча турдаги транспорт воситалари, енгил ва юк машиналар, йўлнинг ўнг томондаги бўлакдан ҳаракатланиши керак. Ҳайдовчи иккинчи бўлакка бошқа транспорт воситасини қувиб ўтиш мақсадида чиқиши лозим.

Тасаввур қилинг, кимнидир қувиб ўтишга чиқди. Кутилмаганда қаршисида бу чизиқ пайдо бўляпти. Ҳайдовчи нима қилиши керак? Тормозлашнинг ҳам, ўнгга ўтишнинг ҳам имкони йўқ. Бу ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш эмас, балки юқорида айтганимдек, “қопқон-тузоқ” ролини ўйнайди”, – дейди у.

Зокиров ўзи гувоҳи бўлган ва хато қўйилган йўл белгиларининг суратларини тақдим этди. Уларга бир назар солинг-а! Бирида пиёдалар ўтиш жойи ортда қолганини англатувчи белги қўйилган бўлса, бошқа бирида 11 километрдан кейин тезлик чекланган деган маъно касб этган. Учинчисида нотўғри ясалган қўлбола йўл белгисини кўриш мумкин.

Ўзимиз гувоҳ бўлганимиз Чиноз йўлидаги мана бу белгини қандай изоҳлашни ҳам билмайди киши. Серқатнов йўлда ҳайдовчини қарама-қарши томонга йўналтирувчи йўл белгисини бу йўлда умуман ҳаракатланмаган ҳайдовчи тун вақтида кўриб қолса, нима бўлишини тасаввур қилиб кўришнинг ўзи даҳшат!

Жомбой туманининг Фарҳод қўрғони қаршисидаги қайрилиб олиш жойидаги асфальт қопламасининг аҳволини ҳам изоҳлашга на ҳожат. 

Вилоятларда назорат қониқарсиз, маблағ кам дейиш мумкиндир, аслида бу баҳона бўлмаса-да. Аммо Тошкент йўлларидаги аҳволдан ҳайдовчилар қониқадими? Чилонзор 18- ва 19-мавзеларни ажратиб турувчи йўл тасвирларига эътибор беринг.

Айни дақиқаларда ҳам ҳайдовчилар шу йўлдан ҳаракатланишмоқда. Улар, тақдирга тан бериб, “эҳ” дея чуқур хўрсинган ҳолда йўлларида давом этмоқда.

Мана буниси Чорсуни Самарқанд дарвоза билан боғловчи серқатнов йўлнинг аҳволи. Буни изоҳлаш ҳам керак эмас, менимча. Бу йўл халқ тилида “бомба тушгандек” дея таърифланишини йўлсозларимиз билишармикан?

Ҳайдовчилар пойтахт кўчаларида қандай камчиликларга дуч келишади? Шаҳарда етказиб бериш хизматини кўрсатувчи ҳайдовчи ва ҳамкасб икки нафар ҳамкасбимизнинг шу ҳақдаги фикрлари билан қизиқдик.

Шавкат Аҳмаджонов, ҳайдовчи:

— Йўллар қониқарли эмас, йўл чизиқлари кўпинча ўчиб кетган бўлса-да, йўқ чизиққа жарима келади. Йўллардаги канализация қопқоқлари йўл билан бир текисликда эмас, ўтган ҳафта иккита баллоним шунинг орқасидан ёрилди, “Новза” метро бекати яқинида. Ундан сал ўтганда ДАН ходими қоидабузарларни ушлаш учун шай турибди. Уларга бу нарсани керакли ташкилотларга айтинглар, дедим, лекин қаёқда дейсиз?

Бензиннинг ҳар литридан йўллар учун тўлов олинади, йўлларимизни ҳам шунга мос қилиб қўйишса, яхши бўларди. Фақат қайсидир амалдорлар борадиган жойларни эмас, халқ юрадиган йўлларни ҳам асфалт қилиш керак”.

Гулмира Тошниёзова, ҳайдовчи:

— Шаҳар йўлларида канализация қувурларининг қопқоқлари йўл юзасидан анча баландда ёки анча пастда туради. Йўлда кетаётганда шу қопқоқларни босмасликка ҳаракат қиламан, боиси у яхши жойлашмаган бўлиши ҳам мумкин. Бир қанча вақт аввал гувоҳи бўлганимдек, олдинда ҳаракатланаётган машина ўтганда қопқоқлардан бири отилиб кетиб, ортидаги машинага келиб текканди. Шу боис, жуда қўрқаман.

Шунингдек, “Чорсу” бозори атрофи, Эски шаҳарда юрганда навигатор йўл чизиғига камера борлигини кўрсатади, огоҳлантиради, лекин йўлда ўша чизиқни топа олмайсиз, йўл чизиқлари ўчиб кетган”.

Бобур Акмалов, ҳайдовчи:

— Умуман олганда, республиканинг мавжуд автомобил йўлларидан қониқмаймиз, ўзимизга, машинамизга ачинамиз. Биринчидан, йўлнинг нотекислиги. Қонунчилигимизда ҳалигача йўлнинг нотекислиги туфайли ЙТҲга дуч келсангиз, осон ечими йўқ. Судга бериш ҳақидаги гаплар эса ўта мураккаб жараёнлиги боис амалда ҳеч ким қилмайди.

Яна бир муаммо – йўл чизиқлари. Йўлларни бир амаллаб таъмирлаган йўлсозлар унинг чизиқларини чизишга келганда узоқ вақтга чўзишади. Қаерда шаҳарсозлик инфратузилмаси янгиланаётган, янги бинолар қурилаётган бўлса, кўпинча хато қиляпмиз ва шундай қуряпмизки, албатта уни қайтадан бузиб қуришга тўғри келмоқда. Кўприклар, йўл ўтказгичлар, иккиламчи йўллар, пиёдалар йўлаклари – ҳамма-ҳаммасида камчилик бор, бирор жойдан айланиб келмоқчи бўлсангиз, албатта кўп вақт сарфлайсиз, светофорлар нотўғри жойга қўйилган бўлади.

Тунги ҳаракатланиш масаласига келсак, шаҳарлараро йўлларда тунги ёритиш мосламалари йўқ, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш хавфи жуда юқори, йўл ўртасига қўйиладиган бетон тўсиқлар ҳамма йўлларда ҳам йўқ. Чуқурдан ёки нотекисликдан олиб қочаман деганда ва фосфорли чизиқлар бўлмаслиги аварияларга олиб келади.

***

Мақоламиз сўнггида йўлсозларимиз эътиборига хорижий мамлакатлардаги йўлсозларнинг қудуқларни таъмирлаш борасида айрим тажрибаларидан лавҳалар ҳавола қилмоқчимиз.

Зора, шаҳарларимиз йўлларидаги канализация қудуқлари “мендан ўтгунча, эгасига етгунча” қабилида эмас, сидқидилдан, кимдир ортидан қарғамайдиган қилиб таъмирланса. Умидимиз шу.

Толиб Раҳматов

Йўлдаги канализация қувури қопқоғини алмаштириш, Германия:

Йўлдаги канализация қувури қопқоғини алмаштириш, АҚШ:

Мавзуга оид