Иқтисодиёт | 11:05 / 16.07.2021
25418
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон портларимиз орқали дунёга чиқиши мумкин — Имрон Хон

Покистон бош вазири ўзи ва ҳукумати «Термиз—Мозори Шариф—Кобул—Пешовар» темир йўл лойиҳасини амалга оширишда кўмакчи бўлишини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Покистон етакчиларининг музокаралари якунлари бўйича 15 июль куни Кўксарой қароргоҳида ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказилди. 

Ўзаро музокараларнинг иқтисодий жиҳатларига тўхталган Имрон Хон ҳар икки давлат бир-бири учун зарур ҳамкор эканлигини билдирди.

«Мамлакатингиз билан савдо алоқалари биз учун жуда муҳим, чунки Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг йирик давлати ҳисобланади. Ташриф буюрган 130 кишилик делегациямиз вакиллари орасида йирик тадбиркорлар ҳам бор. Сафарим чоғида яна кўплаб бизнесменлар менга телефон орқали мурожаат қилишди ва Ўзбекистон билан ҳамкорликдан мамнун эканликларини билдиришди. 

Бизга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи қишлоқ хўжалик техникаси ва дастгоҳлари жуда қизиқ. Шунингдек, пахта уруғи олиш масаласини ҳам муҳокама қиляпмиз. Покистон эса Ўзбекистон учун 220 млн кишилик жуда улкан бозор. Портларимиз орқали Яқин Шарқ, Африка давлатлари, муносабатларимиз тикланса Ҳиндистон бозорига чиқишингиз мумкин.

Ўзаро алоқаларни парвозларни кўпайтириш, транспорт қатновини кенгайтириш орқали мустаҳкамлашимиз лозим. Покистон чегарасидан синов тариқасида йўлга чиққан юк машинаси 2 кун ичида Ўзбекистонга етиб келган ва бу жуда яхши кўрсаткич.

Президент дўстим Шавкат Мирзиёевнинг ғояси бўлган «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўлига келсак, биз бу лойиҳа самарадорлигига ишондик. Мен ва менинг ҳукуматим бу ғояни тўла қўллаб-қувватлаймиз ҳамда амалга ошишида кўмакчи бўламиз.

Мирзо Бобур ҳақида бадиий фильм суратга олиш ғоясини ҳам қўллаб қувватлаймиз. Бобурийлар сулоласининг Покистон тарихидаги ўрни ҳам беқиёс. Бу сулола ҳозирги Покистон ва бошқа бир қанча давлатлар кирган ва улкан ҳудуд бўлган қадимий Ҳиндистонни бошқарган пайтларида бу давлат ялпи ички маҳсулоти жаҳон ЯИМининг 25 фоизини ташкил қилган», дея Имрон Хоннинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бунга жавобан президент Мирзиёев уйғун тарихни ёшларга кенгроқ ўргатиш зарурлигини таъкидлади.

Мавзуга оид