Жаҳон | 15:41 / 17.07.2021
10520
2 дақиқада ўқилади

Башар Асад тўртинчи марта президент сифатида қасамёд қилди

26 май куни бўлиб ўтган президент сайловида Асад 95,1 фоиз сайловчиларнинг овозини олиб ғолиб бўлганди.

Фото: РИА Новости

Сурия президенти Башар Асад давлат раҳбари сифатида тўртинчи марта қасамёд қилди. Унинг инаугурация маросими Қасраш-Шааб саройида бўлиб ўтди.

Маросимда парламент ва ҳукумат аъзолари, ҳарбий ва диний раҳбарлар, маданият ва жамоат арбоблари қатнашди, деб хабар бермоқда SANA агентлиги.

Асад ўнг қўлини Қуръон китобига қўйган ҳолда конституциянинг еттинчи параграфига мувофиқ қасамёд матнини ўқиб эшиттирган.

“Мамлакат конституциясини, унинг қонунлари ва республика тузумини ҳурмат қилишга, халқ манфаатларини ҳимоя қилишга ва унинг эркинлигини ҳурмат қилишга қудратли Аллоҳ номи билан қасамёд қиламан”, деган у.

Асад инаугурация нутқида мамлакат ҳудудида ўн йилдан буён давом этаётган ҳарбий низо билан боғлиқ қийинчиликларни енгишда матонат кўрсатиб келаётган сурияликларга миннатдорлик билдирган. 

27 май куни Сурия халқ кенгаши раиси Ҳаммуда Сабоғ 26 май куни бўлиб ўтган президент сайловида Асад 95,1 фоиз сайловчиларнинг овозини олиб ғолиб бўлганини маълум қилганди.

Мамлакатда президентлик ваколати муддати етти йилни ташкил этади. Аввалги сайлов 2014 йилда ўтказилган, унда Башар Асад 88,7 фоиз овоз олганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид