Ўзбекистон | 11:00 / 20.07.2021
9618
4 дақиқада ўқилади

Enter Engineering: юракдан юракка йўл очиб…

Барчамиз соғлом бўлишни хоҳлаймиз ва шунга интиламиз. Биз болаларимизнинг соғлом бўлишини, айниқса ҳамма нарсадан кўпроқ истаймиз. Ҳаёт эса бошқача: иссиқ жон борки бетоб бўлади, жумладан болалар ҳам. Афсуски, жиддий ва ўзига хос, айтиш мумкинки, ўз белгиларини “кўрсатмайдиган”, ҳамиша ҳам даволаб бўлмайдиган, устига-устак қайталаниш эҳтимоли катта бўлган маккор касалликка учраган болалар ҳам бор. Даволаниши қийин бўлган бу касаллик – лейкимиядир. Лейкимияга учраган болалар ва уларнинг ота-оналари бу хасталик ҳамласига дош бериш учун давлат, жамият ва савобталаб одамларнинг кўмагига ҳар доим муҳтожлар. 

Айнан шу сабабли айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан онкогемотологик тиббиёт муассасаларида беморларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, кўлами ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 14 май куни давлатимиз раҳбарининг Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази қошидаги Болалар гемотология, онкология ва клиник иммунологияси марказига ташрифи чоғида бемор болаларга айтган ушбу сўзлари ҳаммамизнинг ёдимизда: «Фақат яхши нарсаларни ўйланг, шунда ҳаммаси амалга ошади. Кучли бўлинглар, ота-онангизни хурсанд қилинглар. Сизлар тузалиб, соғлом бўлсангиз, мен ҳам бахтлиман. Ҳеч нарсадан ташвишланманг, ҳаммаси яхши бўлади!».

Enter Engineering компаниялар гуруҳи ўз анъанасига содиқ ҳолда бу сафар ҳам хайрли ишлардан четда тургани йўқ. Марказни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида компания томонидан зарур маиший техника воситалари (6 та кир ювиш машинаси, 6 та микротўлқинли печ) ва кўрпа-ёстиқ жилдлари (450 та тўплам) харид қилиниб, марказнинг янги биносига етказиб берилди. Муқаддас байрамимиз Қурбон ҳайити арафасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан ҳамкорликда бемор болалар учун байрам тадбири уюштирилди. Таъкидлаш жоизки, бу бизнинг ЎзР Миллий гвардияси билан биргаликдаги биринчи тадбиримиз эмас. Ушбу давлат тузилмаси Enter Engineering хайрия тадбирларини доимо қўллаб-қувватлаб келади. Яқиндагина биз шавкатли гвардиячиларимиз билан биргаликда Зангиота туманидаги «Ибрат» маҳалласида замонавий болалар майдончасини қуриб ва унинг тантанали очилиш маросимини ташкил этган ҳолда ибратлик болажонларни қувонтирган эдик. Бу сафар эса Миллий гвардия оркестрининг чиқиши байрамона кайфиятни янада оширди, чолғучилар ижросидаги мусиқий асарлар болалар ва уларнинг ота-оналарига жуда ёқди, Фахрий қоровул ротасининг кўргазмали чиқиши ҳам болажонларни мафтун этди.

Марказнинг барча кичик беморларига эсдалик совғалар улашилди. Биз Қурбон ҳайит байрами арафасида яна бир кичик хайрли ишни – бетоб болалар учун байрам тадбири ташкил этишни ният қилгандик. Байрам байрамдек бўлди: болалар кулиб-қувнашди, совғаларни олгач, болаларча беғуборлик билан «Раҳмат!» дейишди. Оғир хасталик билан курашаётган бу кичик қаҳрамонларнинг кўзлари шу тобда ёниб турарди, биз катталарнинг эса кўзларимиз ёшланди.

«…Бу болалар тезроқ тузалиб, келажакда эл-юрт корига ярайдиган соғлом инсонлар бўлиб улғайишсин. Ушбу муборак кунларда Яратгандан шуни сўраймиз!». Бу Президентимизнинг сўзлари. Биз ҳам ушбу сўзларга тилакдошмиз...

Enter Engineering Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид