Иқтисодиёт | 19:35 / 20.07.2021
15220
5 дақиқада ўқилади

Жаҳон бозорида нефт арзонлади. Ўзбекистонда бензин нархи ўсишдан тўхташи мумкин

OPEC+ давлатлари нефт қазиб олиш ҳажмини ошириш борасида келишиб олгач, жаҳон бозорида брент нефтининг нархи 6 фоизга арзонлади.

Фото: AP Photo / Matthew Brown

OPEC+ давлатларининг нефтга оид келишуви: унда нималар назарда тутилган?

18 июлда OPEC+ ташкилотига кирувчи давлатлар вазирлари онлайн форматдаги анжуманда августдан бошлаб жорий йил охиригача нефт ҳажмини кунига 0,4 млн баррелга кўтаришга келишиб олишди.

Келишувга кўра, 2022 йил учун ҳам шу миқдор сақланиб қолиши кўзда тутилмоқда. OPEC+ давлатлари масъуллари келишувга йил сўнгига қадар нефт учун соатига 2 млн баррел миқдорда нефт қазиб олиш бандини киритди.

Шу билан бирга, 2022 йилнинг май ойидан бошлаб нефт ишлаб чиқариш миқдори чегараланган квотага эга давлатлар балансига ҳам ўзгартириш киритилади.

OPEC+ алоҳида давлатлар учун нефт олиш ҳажмининг янги меъёрларини ўрнатди.

Унга кўра:

  • Россия ва Саудия Aрабистони учун — 11 дан 11,5 млн б/с гача;
  • БAA учун 3,17 дан 3,5 млн б/с гача;  – Ироқ учун 4,65 дан 4,8 млн б/с гача;
  • Қувайт учун 2,8 дан 2,96 млн б/с гача.

Келишув жаҳон бозорида нефт нархига қандай таъсир қилди?

OPEC+ нинг август ойидан бошлаб нефть қазиб чиқариш қўшимча ҳажми 5,8 млн баррелга етгунча кунига 0,4 млн баррелдан ошириб бориш қароридан кейин брент типидаги нефт нархи 6 фоиздан кўпроққа, яъни 68 долларгача арзонлашди.

Душанба куни эрталаб таҳлилчилар ва синоптиклар бу келишув Саудия Aрабистони ва Россия ўртасидаги 2020 йил мартдаги нархлар уруши услубидаги музокаралар нефт нархидаги пасайишнинг олдини олди, деб ҳисоблашди.

Душанба куни нефт нархи кескин тушиб кетган бўлса-да, келишув нефт бозори учун ижобий ҳисобланади, чунки OPEC+ ҳар ой таклифни 400 минг бараварга оширишга кафолат беради ва ҳар ой келишув асосларини кўриб чиқади.

Oilprice.com таҳлилчилари нефт таъминотини ойлик ошириб бориш нефт нархи кўтарилишининг олдини олади, бу эса нефтга бўлган талабни қисман камайтириши ва инфляцияни тезлаштириши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Фавқулодда янгилик бўлган келишув туфайли нефт нархи душанба куни 6 фоизга тушиб кетди.

Нефт бозори аналитиклари бу ўзгаришларни вақтинчалик, деб ҳисоблашмоқда, бу юқори нархлардан фойда кўриши мумкин бўлган асосий компанияларда ўз мавқеларини ошириб олиш имкониятини яратиши мумкин.

Таҳлилчилар ўтган йили эмлаш самарадорлигини эълон қилиш билан бошланган иқтисодий тикланиш давом этишига ишонган инвесторлар сўнгги икки ҳафта ичида нефтни 20 фоиз фойда билан сотиб олиш имконияти сифатида кўришлари кераклигини таъкидламоқда.

Ўзбекистон учун бу нимани англатади: бензин нархи арзонлаши мумкинми?

Ўтган ҳафта охирида биржа савдоларида 80 маркали бензин нархи 1,5 фоизга қимматлаб, бир тоннаси 7 млн 168 минг сўмдан сотилди. Ўтган ойнинг шу даврида бензин биржа савдоларида 6 млн 999 минг сўмдан сотилиб, бир ойда нарх биржада 6,3 фоизга қимматлаган.

Давлат статистика қўмитаси, йил бошидан буён бензин нархи 17 фоизга, июн ойида 2,5 фоизга қимматлаганини маълум қилди.

Ўзбекистонда бензин нархининг ўсиши асосан жаҳон бозоридаги ҳолатга боғлиқ. Май ойида Ўзбекистонда бензин нархининг ошиши сезиларли тезлашган эди ва бу жаҳон бозорида нархлар қимматлаганига боғлиқлиги кўрилди.

OPEC+ давлатларининг якшанба кунги келишувидан сўнг жаҳон бозорида брент типига кирувчи нефт 6 фоизга арзонланганини ҳисобга олсак, 80 маркали нефт нархи ҳам арзонлашини прогноз қилиш мумкин.

Буни ўтган йилги рақамларда ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2019 йил декабрда жаҳон бозорида брент нефтнинг нархи 65 доллар, Ўзбекистонда AИ-80 бензини эса 4500 сўм (0,47 доллар) эди. Пандемия даврида эса брент нефтнинг нархи икки баробар арзонлаши (30 доллар) натижасида, AИ-80 бензини нархида ҳам тушиш кузатилди (4000 сўм). 2020 йил охирида нарх яна кўтарилди. Брент – 47 доллар. AИ-80 – 5000 сўм (0,48 доллар).

Расмий статистика Ўзбекистонда импорт бензинга боғлиқлик юқорилигини кўрсатади. Май ойидаги таҳлилларга кўра, республикада бензин ишлаб чиқариш ҳажми 3 фоизга кўпайган пайтда, бензин импорти кескин ошган.

Статистика қўмитаси Kun.uz сўровига жавобан, 2021 йилнинг 4 ойидаги бензин импортига оид рақамларни эълон қилганди. Унга кўра, жорий йилнинг 4 ойида (207,5 млн литр) ўтган йилнинг 9 ойига (90,1 млн литр) нисбатан 2 баробар кўпроқ бензин импорт қилинган. Статқўм ярим йиллик бензин импортига оид маълумотларни эса очиқламаган.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид