Шаҳардаги энг асосий жой. Истироҳат боғлари қандай кўринишда бўлиши керак?
Шаҳар умумий манзараси қандай бўлиши керак? Мутахассисларнинг фикрича, мана бундай: боғлар, хиёбонлар, йўллар, дарё ва кўллар, уйлар ҳамда бўш саноат зоналари. Ҳа, шаҳарда фақат уйлар, «дом»лар, «коттежлар», дўконлар, бизнес марказлари, хуллас, фақат сотиш мумкин бўлган жойлар бўлмаслиги керак.
Шаҳарларда бинолар жойлашган ҳудудлардан кам бўлмаган миқдорда яшиллик, парклар, боғлар, сайилгоҳлар бўлиши шарт. Акс ҳолда экологик баланс йўқолади, бу табиатнинг «жаҳлини чиқаради». Жаҳли чиққан табиат эса инсониятга айтайлик қурғоқчилик билан «ҳужум қилиши мумкин».
Бугун шаҳарларда яшиллик йўқолиб бораётгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Чиндан катта шаҳарларимизга қарасангиз, асосан, бинолар ва асфальтни кўрасиз. 34Travel.me сайти А1 эколойиҳаси билан биргаликда тайёрлаган қуйидаги материални ўқисангиз, бизда яшиллик йўқолиб бораётгани ҳақида фикрингиз кескин ўзгаради. Бизда яшиллик ва парклар йўқолиб боряпти эмас, улар деярли бўлмагани ҳақида хулосага келасиз.
Бизда истироҳат боғи деганда ичи тўла магазин, болалар учадиган ва албатта, пулли бўлган атракционлар қўйилган, аксар ҳолларда ҳатто кириш ҳам пулли бўлган жойлар тушунилади. Одамларга тўрт томонида қуриб қолган арча экилган ва қуёш қиздириб, сарғайиб ётган очиқликни «мана шу парк» деб кўрсатишлари ҳам ҳеч гап эмас. Хўш, аслида парк қандай бўлиши керак? Мария Гулина тайёрлаган мақола шу хусусида.
Истироҳат боғи – бу шунчаки дарахтлар тўп бўлиб ўсадиган жой эмас
Урбанизация ривожланиб, қурилаётган бинолар зичлиги ошгани сайин шаҳар ландшафтига бўлган муносабат ўзгаряпти. Илгари табиат ва шаҳар бир-бирига қарама-қарши бўлган ҳамда истироҳат боғлари шаҳарларда сунъий равишда яратилган табиат макони эди. Энди шаҳарсозлик тенденцияси ўзгариб, архитекторлар унда экологик асослар яратиш ҳам муҳим эканини таъкидлашмоқда. Яъни истироҳат боғлари ва уларни табиий инфратузилма сифатида боғлайдиган яшил йўлаклар (хиёбонлар, дарёлар, каналларни) яратиш шаҳарсозликнинг муҳим бўлагига айланмоқда. Бундай шароитда истироҳат боғлари ягона табиий тармоқ яратиши ва яшил йўлаклар улар орасидаги экологик алоқани таъминлаши керак.
Ландшафт архитектураси оддий архитектурадан бироз мураккаб ва мафтункор. Бунда архитектор учун ўсимликлар қурилиш материаллари ҳисобланади ва доимий равишда уларнинг ҳажми, шакли, ранги ва тузилиши ўзгариб туради.
Истироҳат боғларида дарёлар, каналлар ва тепаликлардан фойдаланиб, турли хил ландшафтларни яратиш мумкин. Бунда ҳолатни озгина ўзгартириш етарли бўлади ва улар янгича кўринишга эга бўлади. Ҳатто қишда ҳам истироҳат боғлари ранг-баранг бўлиши мумкин: оқ, яшил ранг, қора таналар, кулранг ва қизғиш новдалар. Шаҳардаги салқин истироҳат боғларидаги дарахтлар сони оз бўлиши мумкин, аммо йирик ва сершох дарахтларнинг бўлиши етарли бўлади. Бундай жой дарахтлар зич жойлашган ёввойи ўрмонга ўхшамайди. Ландшафт архитекторлари келажак ландшафтининг меъмори ҳисобланади.
Замонавий ва идеал паркларда қуриб қолган дарахтлар ҳам сақланиши мумкин. Кўринишни чиройли сақлаш учун қуриган дарахтлар кесилиши керак, деб ўйларсиз, аммо улар айрим ҳолларда шунчаки қуриган хунук дарахт сифатида эмас, балки ўнлаб йиллар давомида табиий жараёнларни кузатишга имкон берадиган табиат элементи сифатида сақланади. Ана шунда қуриган дарахт ҳам истироҳат боғларига атмосфера бера олади.
Чиройли шохлари бўлган қуруқ дарахт боғ ландшафтининг бир қисмига айланиши ва авангард ҳайкалга ўхшаши мумкин. Ҳатто кесилган дарахтнинг тўнкасини ҳам сақлаб қолиш ва чиройли тарзда умумий кўриниш билан уйғунлаштириш мумкин. Бунда ҳар бир дарахт ўз ҳаёти ва тарихига эга бўлади.
Парк – фақат одамлар учун эмас, ҳайвонот олами учун ҳам муҳим
Истироҳат боғларида нафақат махсус майсазорлар, балки буталар ва табиий ўтлоқли майдонлар ҳам бўлиши муҳим. Улар ҳашаротлар, майда ҳайвонлар ва қушлар учун яшаш жойи ҳисобланади. Охирги пайтларда истироҳат боғлари биохилма-хилликни сақлаш учун «қайноқ нуқта»га айланиб бормоқда. Бу айниқса, ҳар йили йўқолиб бораётган турлар сони маълум даражада ўсиб бораётгани учун ҳам аҳамиятли.
Масалан, Австралияда биологик хилма-хиллик юқори бўлган ҳудудлар ёввойи табиатда эмас, балки шаҳарларда, аниқроғи шаҳар истироҳат боғларида шаклланяпти. Шунингдек, истироҳат боғларида биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш учун улар баъзи жойларда ўтларни ўрмасдан қолдириши ёки хазон бўлган баргларни йиғиштирмаслиги мумкин. Шу билан бирга, истироҳат боғларига ташриф буюрувчилар учун ўтлар нега ўрилмагани ва хазонлар нега йиғиштирилмагани ҳақида изоҳ берилган махсус белгилар ўрнатилиши керак.
Истироҳат боғларида ёруғлик жуда кўп бўлмаслиги муҳим. У одамларни кўриш, ташриф буюрувчилар ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун етарли бўлиши кифоя. У ерда фонар устунлари бўлиши шарт эмас – ёриткичларни деворларга ёки йўлакларга ўрнатиш кифоя қилади. Ёки бўлмаса, аниқ кўриниб турувчи йўлкалар ҳам адашиб қолмаслик учун етарли.
Замонавий шаҳар истироҳат боғларининг вазифалари нимадан иборат?
Шаҳарда битта катта марказий истироҳат боғи бўлиши керак, деган фикр аллақачон эскирди. Энди шаҳарсозларнинг фикрига кўра, шаҳарнинг турли қисмларида бир нечталаб кичик истироҳат боғлари бўлиши керак. Шаҳар паркларининг афзалликлари қуйидагилардан иборат: унда одамлар эстетик завқ олади, табиий экотизимларни сақлашга ёрдам беради, одамларни жисмоний фаолликка ундайди, иқтисодий ривожланиш омили ҳисобланади. Паркларда ёлғизликни истаётганлар учун ҳам, мулоқот хоҳловчилар учун ҳам шароитлар бўлиши керак.
Бугунги кунда истироҳат боғларининг меъморлари ўз маҳорати билан табиат ва одамларни бир-бирига фойда келтирадиган қилиб бирлаштириш учун ҳаракат қилмоқда.
Нима учун шаҳарга табиий муҳит муҳим?
Бугун аксарият мамлакатларда аҳолининг ярмидан кўпи шаҳарларда истиқомат қилади. Келажакда бу рақам яна ўсиши кутиляпти. Шаҳарлар одамларнинг ҳиссий ва жисмоний фаровонлигига, соғлиги ва фаровонлигига таъсир қилади. Шаҳарлар иқлим ўзгаришлари ва бошқа инқирозларга мойил. Буларнинг барчаси шаҳарда узоқ, қулай ва фаол ҳаёт тобора муҳим аҳамият касб этишини англатади.
Америкалик журналист Ричард Лоу ўзининг «Ўрмондаги охирги бола» китобида бир қатор тадқиқотлар натижаларини тақдим этади. Унга кўра, табиат билан кам алоқада бўлган кишида диққатнинг бузилиши, депрессия ва соғлиқ билан боғлиқ муаммолар келиб чиқишини исботловчи далиллар келтирилган. Журналист бу ҳолатни «инсонда табиат етишмовчилиги» деб атайди.
Шаҳарлардаги яшил ҳудудлар сершовқин шаҳар ҳаётида инсонлардаги жиззакилик ва асабийликни енгиллаштиради. Одамлар асабийлашганда табиат билан тез-тез алоқада бўлишга интилади. Ҳа, истироҳат боғларида қисқа муддатли сайр ҳам шаҳар аҳолисининг асабини тинчлантиради. Яшил ҳудудлар одамларга қувонч улашади, улардаги ташвишларни камайтиради, қийинчиликларни енгишга ёрдам беради ва ижтимоий алоқани таъминлайди. Оддий қилиб айтганда, табиат одамларни соғлом, бахтли ва ақлли қилади.
Яхши истироҳат боғларини қандай лойиҳалаштириш керак?
Яхши қурилган истироҳат боғлари, бир қарашда, бошқа жамоат жойларидан деярли фарқ қилмаслиги мумкин. Аммо унда бошқа истироҳат боғларига нисбатан ташриф буюрувчилар кўп бўлади ва одамлар унда ўзларини қулай ва хавфсиз ҳис қилади.
Яхши истироҳат боғларини лойиҳалаш учун махсус жой излаш керак эмас. Катта йўл ёқаси ёки темир йўл кўприги остидаги бўш жойда ҳам яхши парк қуриш мумкин. Асосийси мавжуд ердан тўғри фойдаланиш керак. Бундан ташқари, истироҳат боғларининг дизайнерлари давлат, инвестор ва жамият билан биргаликда уларнинг манфатларини инобатга олиб ишлаши керак.
Яхши истироҳат боғлари ўзи жойлашган маконни унинг атрофидаги барча жамоалар билан боғлайди. У ерга қандай одамлар бориши ва нима қилишини, албатта, инобатга олиш керак. Энг муҳими бу ҳақда одамларнинг ўзларидан сўраш керак ва уларнинг хоҳиш ҳамда истаклари билан ҳисоблашиш керак.
Истироҳат боғлари ҳар бир киши табиат қўйнида ўз вақтини завқ билан ўтказадиган муҳим жамоат жойи ҳисобланади. Бундан ташқари, «ҳар бир киши» тушунчаси ҳақиқатан ҳам шаҳар аҳолисининг барча тоифаларини: қариялар, болалар, ногиронлар, уй ҳайвонларини етаклаган одамлар, шунингдек, жинси, ёши, ирқи ва касбидан қатъи назар, барча одамларни қамраб олади. Истеъмолчиларнинг барча гуруҳлари манфаатларини ҳисобга олиш истироҳат боғларини қуришда муҳим ҳисобланади.
Инклюзив ёндашувда нафақат ташриф буюрувчиларнинг турли эҳтиёжлари, балки улар ўртасидаги ўзаро мулоқот учун ҳам дастурлар ишлаб чиқилган. Масалан, ногирон ва соғлом болаларнинг биргаликда ўйнаши учун шароитлар яратилиши, ўйин майдончасига ҳеч қандай тўсиқсиз кириш имконияти, боғдаги инфратузилма – соя қиладиган айвонлар ва ўриндиқларни мослаштириш каби ишлар шулар жумласидан. Шунингдек, барча учун қулай йўлаклар, бепул, тоза ва кириш қулай ҳожатхона ва аниқ навигация жорий қилиниши ҳам муҳим ишлар сирасига киради.
Шаҳарда ҳимоясиз гуруҳларга нотўғри муносабатда бўлиш кўп учрайди. Шунинг учун, истироҳат боғлари 8 ёшли боладан тортиб, 80 ёшли кексалар учун ҳам қулай бўлиши керак. Болалар учун парклар турли ўйинларни ўрганиш, бошқалар билан ижтимоий алоқалар ўрнатиш учун қулай жой ҳисобланади. Шунингдек, боғлар болаларнинг турли кўникмаларини ривожлантиради ва уларга дўстлар орттиришга ёрдам беради.
Аксарият шаҳарларда аҳолининг умр кўриш давомийлиги ошмоқда, демак энди бундан буёғига шаҳар аҳолиси таркибида кекса ёшдаги инсонлар сони ошиб бораверади. Кексалар учун истироҳат боғлари ёлғизликни енгиб ўтиш учун энг яхши жой бўлиши лозим. Улар боғларда сайр қилади, ёга билан шуғулланади ёки бошқа қариялар билан мулоқотда бўлади.
Умуман, парклар турли ёш вакиллари биргаликда йиғилиб, ўзаро мулоқот қилиши учун ҳам мос маскан ҳисобланади. Яқин келажакда аста-секинлик билан истироҳат боғларига бўлган талаблар ҳам ўзгаради ва ташриф буюрувчилар орасида ўзаро муносабатларнинг янги шакллари пайдо бўлади. Табиий, тарихий ва маданий меросни сақлаб қолиш янада ижтимоийлашади.
Келажакдаги истироҳат боғлари кўнгилочар усуллар билан таълим олиш масканлари ва мультимедиа комплекслари кўринишида ҳам бўлади. Кучли концепцияларга йўғрилган ғоялар ва пухта ўйланган дизайнга эга истироҳат боғлари бир тарафдан сайёҳлар учун муҳим жойга, иккинчи томондан минтақа учун алоҳида диққатга сазовор жойга ҳамда шаҳар брендининг бир қисмига айланади.
Истироҳат боғларини қандай қилиб гавжум жойларга айлантириш мумкин?
Баъзида истироҳат боғлари жамоат жойлари эмас, шунчаки шаҳарнинг бўш қисмига айланиб қолади. Яъни уларга турли сабаблар билан одамлар бормай қўяди. Бундай бўлмаслиги учун истироҳат боғларидан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш керак. Агар истироҳат боғлари пиёдалар ҳаракатланиши учун максимал тарзда мослаштирилмаса, шаҳар инфратузилмаси билан боғланмаса ҳамда катта кўчалардан кириш қулай бўлмаса, ундай боғлар ҳувиллаб ётаверади.
Урбанизациялашувнинг янги талабларига кўра, шаҳардаги барча кўчалар ёқасидаги йўлакларда, атроф-муҳит объектлари ўртасида пиёдалар ҳаракатланиши учун максимал қулайлик яратиш керак. Пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилган дунёнинг кўплаб шаҳарларида 10-Minute Walk (10 дақиқали пиёда юриш) тизими амалда. Унга кўра шаҳарда ишлайдиган ҳар бир фуқаро кўпи билан 10 дақиқа пиёда юргач, қайсидир хиёбонга бора олиши керак. Салқинлаш, дам олиш, китоб ўқиш ва бошқа руҳиятни кўтарувчи машғулот учун.
Истироҳат боғини шаҳар ижтимоий ҳаётининг муҳим қисмига айлантириш учун одамлар билан боғ ўртасида алоқа ўрнатиш керак. Биринчи босқичда одамларни аввало, боғларга жалб қила олиш муҳим. Кейин эса боғларда шундай қулай шароитлар яратиш керакки, у ер одамлар қайта-қайта келадиган севимли масканга айлансин.
Албатта, бу тавсиялар катта-катта парклари бўлмаган шаҳарлар учун. Бундай хиёбонлари бор шаҳарларда истироҳат боғида вақт ўтказиб, руҳиятни яхшилаш маданият даражасига кўтарилган. Улар парклар бузилиши тугул, паркка бормасликни тасаввур қила олмайди. Ўз навбатида бундай шаҳарларда паркларни дарахтсиз қолдириш ёки умуман бузиб ташлаш ҳақида ўйлашмайди ҳам. Одатда бундай маданият пайдо бўлган шаҳарларда янада кўпроқ бепул ва замонавий ландшафтдаги парклар барпо этиш ҳақида ўйлашади. Ҳа, парклар, жамоат жойига айланган яшилликлар басма-басига қурса арзийдиган ва шаҳарлар бир-бирига мақтанишга арзигулик нарсалар ҳисобланади.
Дарахтларни асраш. Дарахтлар харитаси
Одамларни паркларга жалб қилиш учун эски ва чиройли дарахтларга ном бериш, мавжуд афсоналарни шаҳар тарихи ва маданиятининг бир қисми сифатида тарғиб қилиш мумкин. Бу борада истироҳат боғларини парвариш қилиш билан шуғулланишни истовчи кўнгиллиларни бемалол топиш мумкин. Чунки одамлар орасида дарахтларни, яшилликни ва энг асосийси, яхши янгиликни қўллаб-қувватловчилар етарлича топилади.
Чехиядаги «Hnuti Brontosaurus» нотижорий экологик ташкилоти шаҳар дарахтларига эътиборни жалб қилишнинг қизиқарли усули – аудио маршрут дастурини ишга туширди. Исталган одам харита ва аудио файлни махсус сайтдан юклаб олиб, шаҳар билан танишиши мумкин. Йўналишда шаҳардаги энг қадимги эман дарахтларидан бирини (расмий табиий ёдгорлик), экзотик дарахтларни (гинкго) ва улкан чинорнинг сақланиб қолган танасини ҳам учратасиз.
Смарт-истироҳат боғи нима?
Шинам замонавий истироҳат боғлари – бу нафақат қулай режалаштирилган дам олиш маскани, балки географик ахборот тизимлари, сенсорли тармоқлар ва бошқа ақлли технологиялардан фойдаланадиган жойдир.
Истироҳат боғларини бошқариш учун микроиқлимни, ташриф буюрувчилар сони ва таркибини баҳолаш, техник хизмат кўрсатишга муҳтож объектлар тўғрисида маълумотларни тўплаш керак бўлади. Меҳмонлар учун истироҳат боғи тўғрисида маълумот олиш, чипталарни ннтернет орқали харид қилиш ва боғ ҳақидаги шарҳларни қолдириш имконияти яратилади. Кўпгина истироҳат боғларида қулай хариталар ва ўсимликлар, қушларнинг идентификаторлари бўлган ўз иловалари мавжуд.
Бугун болалар қўлидаги смартфондан бош кўтармаяпти. Истироҳат боғларида бундан унумли фойдаланиш мумкин. Масалан, виртуал саёҳатларни амалга оширса бўладиган мобил иловалар яратиш ва шу билан ўша жойнинг тарихи, табиати ҳақида ҳикоя қилиб берилса, бу кўпчилик учун қизиқ бўлиши мумкин.
Баъзида янги технологиялардан фойдаланиш кутилмаган ижобий натижалар ҳам бериши мумкин. Масалан, Мелбурн шаҳридаги барча дарахтлар электрон харитага қайд қилинди ва интернет орқали уларни томоша қилиш ҳамда ҳар бир дарахт учун шарҳ қолдириш имконияти яратилди. Харитани яратувчилар аввалига бу лойиҳа шикастланган дарахтлар ҳақида тезкор маълумот беришга ёрдам беради деб тахмин қилишган эди. Аммо воқеалар ривожи бошқача тус олди ва шаҳар аҳолиси тўсатдан ўзининг севимли дарахтига самимий тарзда шахсий хабарларни ёзишни бошлаб юборди.
Яшил эмас, балки яшил ва кўм-кўк шаҳар
Шаҳарлар нафақат кўкаламзорлаштирилиши, балки сув билан таъминланиши ҳам муҳим. Масалан, шаҳар манзараси нуқтаи назаридан Минскни мисол қилганда унинг сув ҳавзаларига қоришиб кетган яшил тизимини ўрнак қилиб кўрсатишади. Минскнинг сув ҳавзалари бўйидаги яшил ҳудуди шаҳарнинг шимоли-ғарбий томонидан жануби-шарқигача давом этади ва шаҳарнинг истироҳат боғлари, хиёбонлари, майдонларини қамраб олади.
Минск аҳолисининг диққатини ушбу жойларга жалб қилиш учун ландшафт бизнеси билан шуғулланувчи кампаниянинг координатори Игор Корзун истироҳат боғлари ва яшил майдонлари бўйлаб шаҳарнинг энг қизиқарли жойларидан ўтадиган маршрутни таклиф қилди. Унинг номи «Шаҳар бўйлаб юриш марафони» деб номланади ва унинг узунлиги ҳақиқий марафон масофасича бор.
Дарё истироҳат боғларини боғловчи вазифасини бажаришига Сеулда гувоҳ бўлиш мумкин. Жанубий Корея пойтахтидаги Чхонгечхон истироҳат боғи дарё бўйида жойлашган. Илгари бу ер қаровсиз ҳолда, коллекторлар билан тўсилган, тепасида йўл ўтказгич бор эди. Яъни сув анча масофага қувурлардан оқиб ўтган. Ваҳоланки, ҳатто кичик сув йўлларини тўсиш ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди: табиий мувозанат бузилади ва қувур орқали оқадиган дарёлар ўзини тозалай олмайди.
Сеулда дарёни очиб, унинг атрофини хиёбонга айлантиришди. Бу нафақат одамларга экзотик завқ берди, балки табиий жараёнларга ҳам ижойиб таъсир қилди. Дарёнинг шаҳар бўйлаб оқиши ундаги экологик вазиятни яхшилади, флора ва фауна нисбатан анча тикланди. Масалан, кўплаб балиқлар, ҳашаротлар ва қушлар бу ерга қайтиб келишди ва умумий биохилма-хиллик ўсди.
Истироҳат боғининг пайдо бўлиши шаҳар аҳолиси учун фойдали бўлди, улар сув ҳавзалари атрофида мароқли дам ола бошлади. Бундан ташқари, қирғоқбўйи ҳудудларига киритадиган инвестиция ҳисобидан шаҳар иқтисодиёти ҳам ўсди. Бугун дарёнинг бир қисми сунъий, яъни унга ўша атрофдан оқиб ўтадиган дарёдан ирмоқ қўшилди. Иккала қирғоқни бир-бирига боғлаш учун осма кўприклар, ер ости йўллари ва кичик тош кўприклар қурилди. Боғнинг жами узунлиги 5,8 километрни ташкил этади. Ҳозир қамоқда бўлган Корея собиқ президенти Ли Мён Бак дарёнинг очилиш лойиҳасига бош бўлади. Ўшанда у Сеул мэри эди. 2005 йилда деярли 1 миллиард доллар сарфланган Чхонгечхон дарё-боғи очилади.
Боғдаги флора жуда хилма-хил: у ерда турли хил ўсимликларнинг 250 тури мавжуд. Бу истироҳат боғида йил бўйи яшил рангда турадиган кўплаб бута ва ўсимликлар экилгани учун, боғ тўрт фаслда ҳам ям-яшил кўринади. Бу ерда ўсаётган ўсимликлар, буталар ва дарахтларнинг барчаси рўйхатга олинган – ташриф буюрувчилар боғда юриб, уларни ўрганиши мумкин.
Ушбу истироҳат боғининг пайдо бўлиши у ердаги ернинг қийматини оширди ва кичик бизнес шохобчалари пайдо бўлди. Шу билан бирга мазкур боғнинг шарофати билан шаҳар марказидаги иқлим ўзгарди: ҳаво тозаланди ва дарё бўйидаги ҳарорат сал наридаги кварталлар жойлашган ҳудуднинг об-ҳавосига қараганда 3-6 даража салқинлашди.
Истироҳат боғида экилган дарахтлар туфайли йўл ва ундаги автомобиллар оқими кўзга ташланмайди. Кўчанинг шовқини келмайди. Ушбу истироҳат боғида ўсимлик, бута ва дарахт кўчатларини етиштирувчи бурчаклар ҳам бор. Уларда етиштирилган кўчатлар шаҳарнинг бошқа боғларига экиш учун берилади.
Боғда бир нечта мавзулар бўйича йўналишлар мавжуд: тошлардан турли кўргазмалар терилган қисм, XVIII аср рассомларининг асарлари акс эттирилган қисм, қадимги Сеул аҳолиси ҳаётини акс эттирувчи тарихий қисм. Боғнинг бир қисми замонавий рассомларга берилган. Боққа ташриф буюрувчилар ўз орзусини ёзиши мумкин бўлган «орзулар девори» ҳам мавжуд. Шунингдек, ушбу истироҳат боғида дам олиш кунларида шаҳар байрамлари ўтказилади, турли парадлар ва бозорлар ташкил этилади.
Боғда энг кичик деталларгача пухта ўйлаб топилган: ичимлик суви фавворалари, қуёшдан ҳимояланган жойлар, сувга тушиш жойларигача. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Сеул кўркига айланган боғни қуриш ва дарёни қайта тиклаш учун 75 фоиз материаллар бу ердаги эски кўприк жиҳозларидан тайёрланди.
Саноат ландшафтларидаги истироҳат боғлари
Тарихан аксарият йирик шаҳарларнинг марказий қисмларида саноат ҳудудлари жойлашган. Бугун бундай ҳудудларни жонлантиришнинг самарали воситаларидан бири – бу шаҳарларнинг иқтисодий ва маданий ҳаётини ривожлантириш учун ташландиқ саноат ҳудудларида жамоат жойларини яратиш. Бу саноатлашишдан қолган меросга янгича ёндашув бўлади.
Масалан, Нью-Йоркдаги Доминопарк ана шундай жойлардан бири ҳисобланади. У бир асрдан кўпроқ вақт фаолият кўрсатган ва олти йил давомида ташлаб қўйилган эски шакар заводининг ўрнида қурилган. Ушбу истироҳат боғини ташкил этишдан мақсад – дарё ёқасидаги кўчани кенгайтириш ва боғни шаҳар билан боғлаб, бу жойни оммавий дам оладиган жойга айлантириш бўлган.
Бундан ташқари, ушбу истироҳат боғи қирғоқ бўйлаб жойлашганлиги сабабли, у шаҳар атмосферасидаги чангларни ютувчи «чангюткич» ва шаҳарни денгиз тарафдан келадиган довул ҳамда бўронлардан ҳимоя қиладиган биринчи ҳимоя воситаси ҳамдир. Шунингдек, бу парк паст-баланд кўчаларни бир-бири билан боғлайди. Бу ерда зинапоялар умуман йўқ (баъзи кузатув майдончалари бундан мустасно) ва у ҳамма учун очиқ.
Ушбу истироҳат боғида бир вақтнинг ўзида шовқинли ва сукунат ҳукм сурадиган алоҳида ҳудудлар қилинган. Бундан ташқари бу ерда пляж волейболи, бочче (боулингга ўхшаган оилавий ўйналадиган спорт тури) корти, ўйин майдончалари, итларни машқ қилдирадиган жойлар, мини-кафе, фавворалар, майсазорлар ва ўтириб дам оладиган жойлар, сукунатда дам олишни хоҳловчилар учун махсус жойлар мавжуд. Ташриф буюрувчилар боғ бўйлаб саёҳат қилиши, пляжда чўмилиши ва майсазорда ёнбошлаб дам олиши мумкин.
Шунингдек, ушбу истироҳат боғида саноат қисми ҳам бор ва у ерда турли тарихий экспонатлар сақланиб қолган. Булар шакар заводнинг бинолари ичида жойлашган элементлар, бурама боғламлар, винтли ва челакли конвейерлар, сироп сақлаш идишлари, кранлар ҳамда омбор устунлари. Болалар учун бир нечта саноат ўйин майдончалари мавжуд. Улар бу ерда сайр қилиб шакарқамишни қайта ишлаш жараёнидан тортиб, қанд омборигача бўлган жараёнлар билан танишишлари мумкин. Ҳар бир бўлим, шакар заводидаги жараён қандай бўлса, шу тахлитда ясалган.
Ушбу истироҳат боғида ишлатилган материалларнинг аксарияти собиқ шакар завод биносидан олинган. Лойиҳачилар девор вазифасини бажарган ёғочдан ва металл ғилдираклардан фойдаланган. Истироҳат боғидаги турли йўл кўрсаткичлар ва белгилар ҳам заводдаги йўл белгилари ва кўрсаткичларни қайта ишлаб тайёрланган. Боғдаги аксарият нарсалар: уй ҳайвонлари ва ташриф буюрувчилар учун алоҳида ичимлик суви оқиб турган фавворалар, телефонларни қувватлаш учун розеткалар ва қишда ишлайдиган иситгичлар – буларнинг ҳаммаси янгича ёндашув билан ташкил этилган.
Ана шунақа гаплар. Бугун дунёда бир неча йил аввал қадрли нарса экани ҳақида одамлар ўйлаб ҳам кўрмаган тоза ҳаво, салқинлик, соя-салқин жойлар тобора қимматли нарсаларга айланиб бормоқда. Айниқса қурилишлар тўхтамаётган шаҳарларда. Табиат инсонга қарши қурғоқчилик билан «ҳужум қилаётган» охирги йилларда яшилликларни кўпайтириш айниқса долзарб мавзуга айланди. Умид қиламиз, бизда ҳам катта-катта, кўп-кўп ва бепул яшил ҳудудлар, хиёбонлар, салқинловчи, дам олувчи жойлар кўпаяди. Табиатнинг синовларига муносиб жавоб бермасак, оқибати янада жиддий бўлиши мумкин. Бу кетишда Хитойда бўлгани каби тоза ҳавони консерва банкаларида сотиб олишимиз ҳеч гап эмас...
Ғайрат Йўлдош ва Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Мавзуга оид
16:47 / 22.11.2024
Дарахтларга кимёвий воситалар билан шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
16:18 / 15.11.2024
Янгийўлда 5 туп дарахтни кесиб ташлаган шахс табиатга 533 млн сўм зарар етказди
17:40 / 08.11.2024
“Дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида” – IUCN
20:35 / 07.11.2024