Ўзбекистон | 18:31 / 23.07.2021
3338
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ҳайдовчига нотўғри баённома тузган ЙПХ ходимига чора кўрилди

Фото: KUN.UZ

Сурхондарёда ҳайдовчига нотўғри баённома тузган ЙПХ ходимига чора кўрилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан эълон қилинган муносабатда маълум қилинган.

Муносабатда ёзилишича, жорий йил 5 май куни ижтимоий тармоқларда «Сурхондарёда ЙПХ инспектори ҳайдовчига нотўғри баённома расмийлаштирди» сарлавҳали видеоматериал тарқалган. Унда келтирилишича, ЙПХ инспектори томонидан давлат рақами 75 T 380 BA бўлган «Жигули» русумли машина ҳайдовчиси М.Ш.га нисбатан МЖтКнинг 125-моддаси 3-қисми билан «тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланиш» деб баённома расмийлаштиргани жамоатчилик ўртасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлган. Шу сабабли, вилоят ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилган.

Хизмат текширувига кўра, «Жигули» ҳайдовчиси М.Ш.га нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённома МЖтКнинг 271-моддаси 1-қисмига биноан маъмурий иш ҳаракатдан тугатилган. Шунингдек, ЙПХ ходими «Автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарномани тақдим этиш ва автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомига асосан иш тутмагани аниқланган.

Қайд этилишича, фуқаролар ўртасида ИИО ходимларига бўлган ишончсизлик ҳисси келиб чиқишига сабаб бўлганлиги, бу ҳаракати натижасида ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозлар юзага келганлиги учун, Сурхондарё вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ отряди 2-сафарбар гуруҳ ЙПХ инспектори кичик сержант С.У.га нисбатан «Ҳайфсан» интизомий жазоси эълон қилинган.

«Бу каби салбий ҳолатлар келгусида такроран содир бўлмаслиги мақсадида ЙҲХБ раҳбарияти томонидан барча масъул ходимлар иштирокида танқидий муҳокама қилиниб, шахсий таркиб ходимларининг билим-савиясини ошириш учун қўшимча ўқув машғулотлари ўтказилиши бўйича қарор қабул қилинди», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид