09:23 / 25.07.2021
976

Самарқандда қарздор ота фарзандлари учун 55 миллион сўм алимент тўлаб берди

Самарқанд шаҳрида яшовчи қарздор ота уч нафар фарзандининг вояга етгунча бўлган муддатини ҳисоблаб улар учун 55 миллион сўм алимент тўлаб берган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2015 йил 25 майдаги қарори билан фуқаро Б.М.дан ундирувчи Н.И.га уч нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун даромадининг иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Қарор бўйича МИБ Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилган. 

Даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш кераклиги инобатга олиниб, МИБ ходимлари томонидан қарздор Б.М. билан тушунтириш ишлари ўтказилган. Унга фарзандларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани ётиғи билан тушунтирилган. 

Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота фарзандлари таъминотини ўйлаб, улар вояга етадиган муддат, 2033 йилгача ҳисоблаб, алимент учун 55 миллион сўм пулни тўлаб берган.

Top