Ўзбекистон | 20:00 / 29.07.2021
45786
4 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors нега одамларнинг мулкдор бўлиш ҳуқуқини чекламоқчи?

UzAuto Motors ўз савдо маълумотлар базасини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг янги автомобилларни рўйхатдан ўтказиш базаси билан синхронлаштириши – жамиятдаги хусусий мулкдор ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши ҳисобланади.

Автокомпания баёнотида бундай чора кўрилишига сабаб бир шахс томонидан автомобилларни сотиб олиш учун 10, 20, ҳаттоки 200та келишув шартномалари тузилганлик ҳолатлари аниқлангани сабаб бўлгани айтилади.

Компания бунга чек қўйиш учун ўз савдо маълумотлар базасини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг янги автомобилларни рўйхатдан ўтказиш базаси билан синхронлаштиришни таклиф этмоқда. Икки ахборот тизими ўртасида маълумотлар алмашуви дастлаб тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида, кейинчалик республика миқёсида жорий этилиши кўзда тутилган.

Бу ҳолат янги автомобил танқислиги шароитида машина учун тўлов қилиб, ўз навбатини сотаётган фуқаролар пайдо бўлгани ва уларга қарши кураш чораси сифатида баҳоланган.

Қайсидир маънода бу қарорни «шапка» дея аталувчи ҳолатларнинг олдини олишга нисбатан ижобий чора-тадбир сифатида баҳолаш мумкиндир. Аммо танганинг бошқа томонига эътибор қаратилса, бу жамиятдаги хусусий мулкдор ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасида хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмаслиги белгиланган.

Фуқаролик кодексининг 207- моддасида давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш ва унинг кўпайтирилиши учун барча зарур шароитларни яратиши таъкидланган.

Мазкур кодекснинг 354-моддасида эса фуқаролар ва юридик шахсларнинг шартнома тузишда эркинлиги қайд этилган.

Лекин бизда доим шундай: нимадир қилишмоқчи бўлса, бунга эришиш учун дарров турли чеклов ва тақиқлар ўйлаб топилади ва дарҳол амалга татбиқ этилади.

Ўйлаб топилиб, жорий қилинаётган тақиқлар ва чекловлар давлатнинг қонунлари ва бозор қонуниятларига мувофиқ келадими-йўқми, қандай оқибатлар келтириб чиқаришини ўйлаб кўриш эса ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Келса ҳам, бунга амал қилишни исташмайди. Сабаби маълум — кўпгина чекловлар монополиялар манфаатларини кўзлаб амалиётга татбиқ этилади.

Ўзингиз ўйланг: бир неча йилдан бери Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомашиналар сифатсизлиги, қимматлиги, вақти-вақти билан машиналар нархи асоссиз оширилаётгани сабабли компания кескин танқидларга учраб келмоқда.

Соғлом рақобат шароитидаги бозорда таклиф қанчалик кўп бўлса, бу ишлаб чиқарувчининг манфаатларига хизмат қилади. Аммо бугун истеъмолчилар олдида бошқа муқобил танлов йўқ. Шу сабаб одамлар компания томонидан илгари сурилаётган таклифларга кўнишга мажбур.

Вазият шунчаликки, иккиламчи бозордан харид қилинган автомототранспорт воситаларини нотариал тарзда расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказишда ҳам ҳаддан зиёд қиммат давлат божлари ўрнатилган.

Монополист компания эса ўзи ишлаб чиқарган эски машиналарни ҳам ўзига рақобатчи деб билади.

Аслида, бу ерда гап аҳоли ўртасида ҳаддан зиёд талаб борлигида ҳам эмас, балки пайдо бўлаётган талабга нисбатан етарлича таклиф берилмаётганидадир.

Ишлаб чиқариш қисқариши ёки талабнинг қондирилмаслиги жамиятдаги хусусий мулк дахлсизлигига асло рахна солмаслиги керак. UzAuto Motors эса маҳсулотини ўтказиш учун бундай сунъий усуллардан фойдаланмасдан, маҳсулот ишлаб чиқариш сифати, ҳажми ва хилма-хиллигини оширса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Достон Аҳроров

Мавзуга оид