Жаҳон | 23:09 / 04.08.2021
4039
2 дақиқада ўқилади

БААда робот-полициячи синовдан муваффақиятли ўтказилди

«Промобот» барча ходимлар, ташриф буюрувчилар ва жиноятчиларни таний олади. У контактсиз термометр билан жиҳозланган бўлиб, эркин ҳаракатланган ҳолда объектларни қўриқлаши ва одамларнинг ҳароратини ўлчаши мумкин.

Фото: promo-bot.ru

Бирлашган Араб Амирликларида робот-полициячи бир йил давомида синовдан ўтказилди. Бу ҳақда «МВД Медиа» хабар бермоқда.

«Робот ходимларнинг ишини енгиллаштириш ва коронавирус пандемияси даврида одамлар ўртасидаги мулоқотни камайтиришга ёрдам беради», — деди Абу-Даби полицияси ижрочи директори Суҳайл ал-Ҳайли.

Пермдаги «Промобот» компанияси ишлаб чиқарган робот Абу-Дабида ўтган йил июнида иш бошлаганди. Ал-Ҳайлининг сўзларига кўра, у синовдан муваффақиятли ўтган ҳамда андроид тизими такомиллаштирилган.

Робот сунъий онг ёрдамида инглиз ва араб тилларида сўзлашади. 

«Промобот»га қиёфадан таниш тизими ўрнатилган. У барча ходимлар, ташриф буюрувчилар ва жиноятчиларни таний олади. Робот контактсиз термометр билан ҳам жиҳозланган бўлиб, эркин ҳаракатланган ҳолда объектларни қўриқлаши ва одамларнинг ҳароратини ўлчаши мумкин.

Ҳозирда Дубай ҳамда Шаржа ва Ажман амирликлари полиция бўлимларида роботлардан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид