Ўзбекистон | 19:13 / 08.08.2021
16271
2 дақиқада ўқилади

Зомин тоғларида яна ёнғин содир бўлди

Зомин миллий табиат боғи ҳудудида ёнғин содир бўлди. Уни ўчиришга ФВВнинг 55 нафар ёнғин-қутқарувчилари жалб этилди. Ҳодиса натижасида 10 сотих майдон зарар кўрди.

8 август куни Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги тоғ ҳудудида яна ёнғин содир бўлди. Ижтимоий тармоқларда ҳодиса акс этган видеолар тарқалди.

ФВВ матбуот хизмати Зомин миллий табиат боғи ҳудудида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида Жиззах вилояти ФВБга 8 август куни соат 16:37да хабар келиб тушгани, зудлик билан ФВВ ёнғин-қутқарув гуруҳлари воқеа жойига етиб боргани ҳақида маълум қилди.

Соат 18:20да ёнғин ўчирилган. Ёнғинни ўчиришда ФВВнинг 55 нафар ёнғин-қутқарувчилари иштирок этган. Ёнғин натижасида 10 сотих майдон ёниб зарарланган. Мазкур ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 1 август куни ҳам Зомин тумани Ўриклисой қишлоғи яқинидаги ўрмон ҳудудларида йирик ёнғин юз берганди. ФВВ маълумотларига кўра, 80 гектар майдонда қуруқ ўт ва дарахтлар ёнган, оловни ўчиришга 1600 нафарга яқин киши жалб этилганди.

2 август куни ушбу ҳудудда яна ёнғин содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси буни рад этиб, ҳудудда ёнғиндан кейинги тозалаш ишлари амалга оширилаётгани, вазият тўлиқ назорат остида эканлигини маълум қилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид