Жаҳон | 22:39 / 09.08.2021
16970
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко тез орада ўз лавозимидан кетишини айтди

Беларусь президенти Александр Лукашенко тез орада президент лавозимини бошқа киши эгаллаши мумкинлигини айтди. У бу ҳақда мамлакатда 2020 йил 9 августда ўтган президент сайловларининг бир йиллигига бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Фото: Павел Орловский/БелТА/ТАСС

Унинг таъкидлашича, Беларусь президенти лавозимини эгаллашга муносиб 15-20 киши бор.

“Мен бу давлат билан, у эса мен билан чамбарчас бўлиб кетди. Мен пенсияга кетишим ёки бошқа иш билан шуғулланишим керакми, билмаяпман. Ҳозирча буни тасаввур қила олмаяпман. Бу президент курсисига жон-жаҳдим билан ёпишиб олганимни англатмайди. Йўқ. Мендан кейин бошқалар келади. Тез орада. Бироқ сиз ўз доирангизда бу қачон юз бериши ҳақида бош қотирмай қўя қолинг”, деб айтган Беларусь етакчиси ўзидан кейин ким президент бўлиши ҳақидаги саволга жавобан.

“Лукашенко қачон кетади ва бошқа шу каби нарсалар ҳақида фол очмай қўя қолинг. Тез орада”, деб яна бир бор таъкидлаб ўтган Лукашенко.

Унинг фикрича, мамлакат бир йил аввал тўқнаш келган сиёсий силсилалар айни вақтда Беларусга раҳбарлик қилишга муносиб 15-20 киши борлигини кўрсатди.

“Уларнинг барчаси эл назаридаги одамлар. Ўтган кунлар менга ким ҳақиқатда кимлигини кўрсатди. Маълум бўлишича, бизда президент бўла оладиган 15-20 киши бор”, деб таъкидлаб ўтган Беларусь раҳбари.

Унинг айтишича, бу номзодларнинг барчаси қайсидир жиҳатлари билан унинг ўзига ўхшайди.

“Давлатига садоқати билан. Улар ишончли одамлар, ҳеч кимга зуғум қилмайди. Кўпчилик улар учун овоз беради. Уларнинг барчаси тенг имкониятга эга бўлади, бироқ Беларусда нормал, тажрибали одамлар ғалаба қозонади”, деб айтган президент ва мухолифат бу борада “истиқболга эга эмаслигини” қўшимча қилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид