Жаҳон | 21:54 / 10.08.2021
22464
4 дақиқада ўқилади

Эболага ўхшаш. Гвинеяда яна бир ўлимвор вирус пайдо бўлди

Жаҳон соғлиқни сақлаш хизмати ва Гвинея ҳукумати Марбург касаллигидан илк ўлим ҳолатини тасдиқлади. Бу касалликни Эбола касаллигига сабаб бўлган вирусга ўхшаш хусусиятларга эга бўлган вирус келтириб чиқарган. У худди Covid-19га сабаб бўлган коронавирус каби ҳайвондан инсонга юқади.

Фото: Getty Images

Шахси ошкор этилмаган эркак 25 июль куни касалликка чалинган ва 2 август куни Гвинеянинг Либерия ва Сьерр-Леоне билан чегара ҳудудидаги Гукеду шаҳри яқинидаги қишлоқда вафот этган. Уни безгакка қарши даволашган, Эбола учун олинган тест манфий натижа кўрсатганди. Ўлимидан кейинги таҳлиллар унинг организмида Марбург вируси бўлганини кўрсатган.

Марбург касаллиги илк марта Германиянинг шу номли шаҳрида 1967 йилда аниқланган. Ўшанда Марбургдаги кичик лаборатория ходимларини қандайдир нотаниш эпидемия қамраб олганди. Текширишларда вирус лабораторияга Угандадан тажриба учун олиб келинган яшил мартишка орқали кириб келгани маълум бўлган. Инфекция билан 31 касалланиш ҳолати ва 7 ўлим ҳолати қайд этилган.

Кейинроқ ушбу касаллик Судан, Кения, Ангола, Уганда, ЖАР ва Конго Демократик Республикаси ҳудудларида тарқалиши кузатилган. Ҳозирги ҳолат - Ғарбий Африкада илк ҳолат.

Марбург лабораториясида вирус эпидемияси илк марта қайд этилганда унга чалинганларнинг 24 фоизи вафот этганди. Лекин айнан шу вируснинг 1998–2000 йилларда Конгода авж олган эпидемиясида ўлим даражаси 80 фоиздан ошган. Шунга яқин даҳшатли кўрсаткич 2005 йилда Анголада ҳам қайд этилган.

Марбург вируси кўп жиҳатдан Эболага ўхшайди. Унда одам танасида жуда кучли зўриқиш ва иситма юзага келади. Вирус овқат ҳазм қилиш тизими ва марказий асаб тизимига кучли таъсир қилади, даволаниш жараёни жуда оғир кечади. Илк аломатлар - юқори иситма, кучли бош оғриғи ва ҳолсизланиш. Тана аъзоларидан қон кетиши кузатилиши мумкин. Оғир ҳолларда ички органлар бирин-кетин ишдан чиқади ва организм кучли шок ҳолатидан ўлимга юз тутади.

Ушбу инфекциянинг асосий ташувчиси кўршапалаклар ҳисобланади. Ғорларга ёки кўршапалаклар колониясига айланган ташлаб кетилган тоғ конларга ташриф буюрилганда вирус юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлади.

Марбург вируси инсондан инсонга ҳаво-томчи йўли орқали, шунингдек, организм ажратмалари ва яқин контакт орқали юқади.

Ҳозирча «нолинчи пациент» яна кимгадир вирус юқтиргани маълум эмас. Лекин шундай бўлиши эҳтимоли юқори, чунки Гукедуда ҳар якшанба куни катта бозор бўлади.

ЖССТ душанба куни хавф даражасини Ғарбий Африка учун юқори, дунёнинг қолган қисми учун паст деб баҳолади.

Хавотирли хабар Гвинеяда шу йилнинг февралида қайта авж олган ва 12 кишини ҳаётдан олиб кетган Эбола устидан ғалабага эришилганидан икки ой вақт ўтиб пайдо бўлди.

«Марбург вируси кенг тарқалиб кетиши мумкин, шу туфайли уни аввалбошдаёқ жиловлаш керак», деган ЖССТнинг Африка бўйича ҳудудий директори Мачидисо Моэти.

«Биз гвинеялик шифокорларнинг юқори тайёргарлиги ва тезкор реакциясини олқишлаймиз. Биз улар билан ҳамкорлик қиламиз ва уларнинг Эболага қарши курашдаги тажрибасига таянамиз», дея қўшимча қилган у.

ЖССТнинг ўнлаб эпидемиологлари айни вақтда Гвинеяга етиб келган. Вафот этган шахснинг оила аъзолари бўлган уч киши шифокорларнинг доимий назоратида бўлиб турибди. У билан алоқада бўлган бошқа шахслар ҳам қидирилмоқда.

Ҳозирча Марбург касаллигига қарши вакцина яратилмаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид